Саломатлик

Оила аъзоларини бақлажон билан сийлашнинг фойдали жиҳатлари

Бақлажонни “ҳаёт ўсимлиги” дейишади. Унинг қанд, крахмал, пектин, органик кислота, оқсил, валин, лейцин, лизин, метионин, треонин, глютамин ва аспарагин кислоталари мавжуд. Бақлажон таркибида оқсил, углевод, ёғ, калий, кальций, фосфор, магний, натрий, темир ва кўп миқдорда В витаминини жамлаган. Шу билан бирга, унда С, В1, В2, В6, РР дармондорилари, хлор, алюминий,  йод, кобальт, мис, рух сингари макро ва микроэлементлар ҳам бор.

Бақлажонни қайнатиб, қовуриб, димлаб, буғлаб ва бошқа кўплаб усулларда пишириш мумкин. Айниқса, қишнинг ғамида ёпиладиган бақлажон икраси хуштаъмлиги билан ажралиб туради. Бақлажон тўйимлилиги билан бошқа сабзавотлардан фарқ қилади. Айниқса, пазанда бекажонлар бақлажондан тухум ҳамда помидор аралашитириб мазали таом тайёрлашади.

Бу сабзавот юрак қон-томирлари тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Шу сабаб,  ёш улғайгани сайин уни кўпроқ истеъмол қилиш фойдали.

“Ҳаёт ўсимлиги” организмдан ёғларни ҳайдайди, қондаги холестерин миқдорини камайтиради ҳамда модда алмашинувини яхшилайди. Табиийки, бу озиш учун катта аҳамиятга эга. Шу сабабли бўлса керак, бақлажонда терини ёшартириш хусусияти бор.

Бу маҳсулот атеросклероз ва остеохондроз касалликлари профилактикаси ҳамда уларни даволаш жараёнида керакли озуқа саналади.

Овқатимизга бақлажонни доимий равишда қўшишни канда қилмасак, организмдаги туз ва сув мувозанати таъминланади.

Асаб тизимини мустаҳкамлаб, уйқусизлик ва депрессиядан халос қилади.

Жигар, буйрак ва меъда-ичак тизимида муаммоси бор, қабзиятдан қийналувчи беморлар бақлажондан кўпроқ истеъмол қилсалар, фойдадан холи бўлмайди. Шу жиҳатлари билан бақлажон тери касалликларининг олдини олади.

Иммунитетни ошириши, камқонликни даволаши ва таркибида фолат кислотаси мавжудлиги хисобга олиниб, бақлажон ҳомиладор аёлларга кенг тавсия этилади. Аммо улар бақлажонни қайнатиб ёки шарбатини чиқариб истеъмол қилганлари маъқул, қовурилгани осон ҳазм бўлмаслиги мумкин.

Эмизикли оналар ҳам бақлажонни қўрқмай таомномаларига киритишлари мумкин. Фақат, оз-оздан бошлаш ва боладаги аллергик ўзгаришларни кузатиб бориш лозим.

Организмни шамоллаш ва инфекциялардан ҳимоялайди ва заҳарли моддаларни ҳайдаб чиқаради.

Бақлажонни севиб истеъмол қилувчилар саратон касалликларининг олдини олган бўладилар.

Қандли диабет хасталигидан азият чекаётган беморларга шифокор қатъий парҳез буюрса ҳам, бақлажонни таъқиқламайди.

Таркибида озгина никотин мавжудлиги боис, сигарет чекишни ташламоқчи бўлганлар бақлажонни кўп истеъмол қилишлари керак. Бу никотинга бўлган талабни камайтиришда асқотади.

Косметик ниқоб тайёрлаб, юзга суртилганида терини намлантириб, рангини очади, ажинлардан халос қилади.

Бақлажон ана шундай хусусиятлари билан умрни узайтирувчи маҳсулотлар рўйхатидан жой олган.

Бақлажон тез айнувчан бўлгани боис, пиширгунга қадар ҳам, пишгач ҳам кўп сақламанг, акс ҳолда витаминлари камайиб кетади, ошқозонни зарарлаши мумкин.

Сиёҳранг бақлажон қон яратиш тизими (суяк кўмиги) ва талоқ ишини меъёрига солади. Камқон беморларнинг организмида қизил қон таначалари ҳосил бўлишига ёрдам беради. Шу сабабли гемоглобин нормага келади.

Эслатма:

Бақлажон танлашни биласизми? Катта бақлажондан кўра, кичиклари ҳамда тўқ ранглилари сифатли ҳисобланади. Бақлажоннинг барраси қуруқ, юмшоқ, чизиқларсиз ва эгилувчан бўлиши лозим.

Бақлажон таркибида насунин номли ҳужайра мембраналарни ҳимоя қилувчи жуда фойдали антиоксидант мавжуд. Агар танангизни бу ноёб витамин билан таъминлашни истасангиз, бақлажонларни пўстлоғини шила кўрманг.

Мутахассислар бақлажонни меъёрида истеъмол қилишни тавсия этади. Сабаби унинг ҳаддан зиёди жигарга салбий таъсир кўрсатиши ва организмда хилтни кўпайтириши мумкин. Шу сабабли бақлажонни бошқа сабзавотлар билан бирга қовуриб, икра қилиш ёки турли салатлар тайёрлаш тавсия этилади.