Оилавий муносабатларда можаро келиб чиққанда унинг иштирокчиларига бу муаммо ўзига хос, ноёб масаладек бўлиб туюлади. Бироқ оилавий муносабатларни таҳлил қилиб чиққан терапевтларнинг тажрибаси бунинг аксидан далолат беради.
Қоида бўйича муносабатлардаги инқироз оиладаги жуфтлик қуйидаги еттита сценарийнинг бирида "рол ижро эта" бошлагандан сўнг юзага келади. Бунда можарога айнан нима сабаб бўлганлиги ва уларнинг қанчадан буён бирга яшаётганлиги кўп ҳам аҳамиятга эга бўлмайди.
Қуйида ўзаро муносабатларни барпо этишдаги ана шундай янглиш йўлларни келтириб ўтамиз:
- "Сен менинг ҳаётимсан"
Оилавий жуфтликнинг ҳар бири иккинчиси учун унинг бутун дунёсига айланса, муносабатлар мустаҳкам ва барқарор бўладигандек туюлади. Аслида эса эркак ва аёл бир-бирига жуда боғланиб қолган жуфтликлар муносабатида инқироз тезроқ юзага келади.
Улар бир-бири учун ҳам суюкли ёр, ҳам дўст, ҳам ота-онанинг ўрнини босишга ҳаракат қилади. Бундай ҳаёт тарзида бегона инсонлар ва ҳодисалар учун жой бўлмайди. Бироқ бундай вазият бир умр давом этмайди. Фарзанд туғилиши ёки янги иш кабилар улардан бирининг эътиборини ўзига торта бошлайди. Ҳар қандай ёпиқ ҳудудда вақт ўтиши билан "ҳаво етишмай" бошлайди. Ана шунда инқироз юзага келади.
- "Мен хоҳлагандек инсон бўл"
Иккинчи энг кўп тарқалган муаммо бу ўз жуфтининг бошқа, алоҳида шахс эканлиги, унинг дунёқараши ва ўй-хаёллари ўзига хос бўлишини англаб етмасликдир. Аслида ундаги асабга тегадиган "камчиликлар" кўпинча ўзимизнинг камчиликларимиз бўлиб чиқади. Биз бошқа инсонни ўзимизнинг ҳаётий қарашларимиз бўйича баҳолаб, ўзимиздаги ёқмайдиган жиҳатларни унга нисбат берамиз. Йиллар давомида бир-бирини қайта тарбиялашга уринадиган муносабатларни бахтли турмуш тарзи деб атаб бўлмайди, албатта.
- "Биз бир-биримизни сўзсиз тушунамиз"
Севишганларнинг кўпчилигига улар бир-бирини "ярим қарашдан" тушунадигандек бўлиб туюлади. Шунинг учун улар мулоқот қилиш ва ўзаро суҳбатдан ҳеч қандай наф кўрмайди. Бироқ вақт ўтиши билан ёнма-ён яшаётганлигига қарамасдан, бир-бирини яхши билмаслиги аниқ бўлади.
- "Мен сени қутқараман"
Бундай муносабатлар энди бошланган пайтда жуда мустаҳкамдек бўлиб кўринади. Эр-хотин севган инсони учун ўзидаги ҳар қандай муаммони ҳал эта оладиган, масалан, ичишни ташлаш ёки ишда омадлироқ бўлишга эриша оладигандек бўлади. Бунда улардан бири "қутқарувчи" ролини ўз зиммасига олади.
Бундай муносабатлар икки хил натижа билан тугаши мумкин:
- "Қутқарилган" инсон унга халақит бериб келган барча ортиқча нарсалардан қутулгандан сўнг, ҳаётининг унча яхши бўлмаган даврига гувоҳ бўлган инсондан қутулишга ҳаракат қилади. Қолаверса, унинг ёрдами ҳам бошқа керак бўлмай қолади;
- "Қутқарилаётган" инсон ўзгармайди ва "қутқарувчи" бунинг учун ўзини айбдор ҳис эта бошлайди. Охир-оқибатда муносабатларда инқироз юзага келади.
- "Бугунги кун билан яша"
Хатоликлардан яна бири келажак учун биргаликда режалар туза олмаслик ёки буни истамасликдир. Бироз вақт ўтгач эса бундай жуфтликнинг умумий мақсадлари йўқлиги ва биргаликда қаёққа қараб ҳаракат қилишни билмаслиги аён бўлади.
Шунда эр-хотин бирга яшаётганлигига қарамасдан, алоҳида режалар туза бошлайди ва унда иккинчиси учун жой бўлмайди.
- "Ҳаммаси ўз-ўзидан изига тушиб кетади"
Кўпчилик романтик кайфиятдаги ёшлар "севги ҳамма тўсиқларни енгиши"га ишонади. Муносабатларни ривожлантириш учун бирор бир ҳаракат қилишни ортиқча деб билади. Бундай содда қараш эса реал қийинчиликлар юзага келганда, муаммоларнинг ўз-ўзидан ҳал бўлишини кутишга олиб келади. Бироқ одатда бундай бўлмайди.
- "Синган пиёлани тузатиб бўлмайди"
Охирги энг жиддий хатолардан бири бу ўртада жиддий можаролар юзага келса ёки бир-бирига бўлган қизиқиш йўқолса, буни ўзгартириб бўлмаслигига ишонишдир.
Муаммоларнинг нимада эканлигини таҳлил қилиш ва уларни ҳал қилиш орқали муносабатларни сақлаб қолиш мумкин. Энг асосийси, ҳар қандай инқирозни ва ҳар қандай хатони, агар жуфтлик бунга тайёр бўлса, енгиб ўтиш мумкин.
Мақолани тайёрлашда "All4girls.ru" сайти маълумотларидан фойдаланилди.