Кутубхона

Оилавий мутолаа кечаси ўтказилди

Германиянинг Saarland Университети Таълим Технологиялари йўналиши битирувчиси Нилуфар Орипованинг ташаббуси билан Жажжи Академик болалар журнали билан ҳамкорликда 25 август куни Олмазор туманидаги 224-мактабда илк Оилавий Мутолаа Кечаси бўлиб ўтди.

Тадбир икки қисмдан тузилган бўлиб, ота-оналар учун “Оилада ўқиш муҳитини шакллантириш” бўйича врач-психотерапевт Гавҳар Тешабоева машғулот ўтказдилар. Болалар эса Жажжи Академик журнали муҳаррири Саъдулла Қуроновдан журналдаги янги рукн - комикс эртаклардан бирини тинглашди.

Дастурга кўра, иккинчи қисмда ота-оналар фарзандлари билан биргаликда ўзлари ярим тайёр комиксларга эртаклар ёзишди. Энг яхши комикс-эртак Жажжи Академик журналининг келадиган сонларидан бирида чоп этилади.

Тадбир аниқ режа асосига қурилган бўлиб, хориж тажрибасига асосланади. Бу гал 9-11 ёшли болалар учун ташкиллаштирилган тадбирни кейинчалик бошқа ёшдаги, жумладан 1 ёшдан 13 ёшгача болачалар учун, бошқа вилоятлардаги мактабаларда ва меҳрибонлик уйларида ҳам ташкил этиш режалаштирилган.

Психологик изланишларга кўра, ҳар кунлик 10 дақиқалик оилавий китоб ўқиш болаларда китобга меҳрни уйғотишга етарли бўлар экан. Тадбирнинг ҳам мақсади кичкина ёшдан бошлаб ота-оналар ва болалар учун мутолаа муҳитини яратиш, ўқиш қобилиятларини ва ўқишга қизиқишни шакллантириш, болаларнинг ижодкорлигини юзага чиқариш ва болаларнинг ўзидан болалар ёзувчилари етишиб чиқишига имкон яратиш.

Тадбир сўнгида бундай кечаларни кўпроқ ўтказишга келишиб олинди.