Биласизми?

Ўзбекистон ҳақидаги фильм Франция телеканалида рекорд қайд этди

Ёз ойларининг сўнгги кунлари Франциянинг етакчи Elephant Doc. телекомпанияси томонидан суратга олинган Самарқанд ва Бухоро ҳақидаги ҳужжатли фильм телеканалда томошалар сони бўйича рекорд қайд этди. Бу ҳақда Daryo.uz хабар берди.

«Саёҳатга таклиф» кўрсатуви доирасида намойиш этилган «Самарқанд — Амин Маалуфнинг ўзбек марвариди» фильмининг биринчи қисми Буюк ипак йўли санъати ва тарихи ҳамда Темурийлар меъроси ҳақида ҳикоя қилади.

Фильм сценарийсига кўра, журналист ва кинооператор Г.Жанен Самарқанд бўйлаб саёҳат асносида тарихчи, археолог ва шаҳар аҳли билан суҳбат қуриб, шаҳар ҳақида ҳикоя қилади.

Сюжетга бўлган юқори қизиқиш сабабли (бир томошада 500 мингдан ортиқ) фильм ARTE’нинг онлайн платформасида 2019 йилнинг 12 январига қадар намойиш этилади.

Тез фурсатларда фильм Ўзбекистон телеканалларида эфирга узатилиши учун ўзбек ва рус тилларига таржима қилинади.

Ҳозирда фильмни фақат француз тилида кўриш мумкин.