Тошкент шаҳар прокуратураси бошқармаси бошлиғи Бобир Деҳқонов тўсатдан вафот этган 3 опа-сингил ўлими бўйича суд-тиббий экспертизаси натижаларини эълон қилди.
Аввал хабар қилинганидек, бир оиланинг 3 қизи Муниса (2010 й.т.), Мухлиса (2011 й.т.) ва Моҳира (2013 й.т.) 8 ноябрь куни Тошкентда вафот этишди. Уларнинг энг кичиги шифохонага олиб кетилаётганда тез ёрдам машинасида оламдан ўтган. Қолган икки нафари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий- тадқиқот институтига етказилган.
Суд-тиббий экспертизаси натижаларига кўра, қизлар гипотензив дори воситасини (артериал қон босимини туширадиган) қабул қилишганидан кейин вафот этишган. Дори воситасини давомли қабул қилиш натижасида, қизларда кардиоген шок ҳолати юзага келган.
Бобир Деҳқоновнинг таъкидлашича, тергов давомида бу дорихона ходимининг хатоси бўлганми ёки даволовчи шифокорнинг хато ташхиси бўлганми аниқланади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан Олмазор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.