Ёмғирдан сўнг табиат тиниқ кўл сувида чўмилиб чиққан қиздек яшнаб кетди. Жийда гулларининг ҳиди дилларни ажиб бир орзуларга ошно қилди. Қушлар чуғурлаб, фақат ўзларигигагина аён тилда суҳбат қуришди. Патларини чўқилаб тозалашга ҳаракат қилишди. Бироқ буларнинг ҳеч бири аёлнинг хафақон кайфиятини кўтаролмади. Неча кундирки кўнглига қил сиғмайди. Ўша пуштиранг кўйлакни кўрди-ю тинчи-ороми йўқолди. Кўзига боғчада қийғос очилиб ётган гуллар ҳам, дарахтларнинг ҳаёт нафаси уфуриб турган ям-яшил барглари-ю, осмонда оқ пахтадек сузиб кетаётган булутлар ҳам пуштирангда кўрина бошлади.
Болаларини боғчага ташлаб келар экан, оёқларини бемажол судраб босди. Қоп-қора, узун сочларини тортқилаб ўйнаётган шамолнинг ранги қанақа экан-а? Балки шамол ҳам унинг тинчини бузган пушти кўйлак рангидадир? Нафислигидан кўришнинг иложи бўлмаётгандир? Эҳ, қаерданам кўрди-я, ўша кўйлакни? Ўша матоҳнинг ғижимлаганингда майин шаббода эсганда баргларнинг ёқимли шитирлаши каби овоз чиқариши, бежирим, тонгги шабнам каби нозик гуллари яна кўз олдида гавдаланди.
Йўқ, яхшиси уни ҳаёлидан чиқариб ташлайди. Нархи эрининг нақ икки ойлик маоши-я. Хўжайини осмон узилиб ерга тушгандаям бунақа қиммат кўйлакни олиб бермайди. Қолаверса, болларининг ризқидан шунча ақчани қийишга ўзининг ҳам виждони йўл қўймайди. Бир кўнгли бутун умр меҳнат қилмай бечора эрининг сиқиб сувини ичиб яшаётган баъзи жинсдошлари каби “виждонини қафасага солиб” ўша кўйлакни олиб беринг деб туриб олгиси келди-ю, яна тарбиясидаги андиша бунга йўл бермади.
Лобар уйга кирди. Эшикдан кираверишда турган битта эски стол, ёнидаги иккита елим стул кўзига ўгай боладек ҳунук кўринди. Шу ҳам яшаш бўлдими? Уй ҳам ижара. Шу топда ҳаётини ҳам ижарага олиб яшаётгандек ҳис қилган аёл ҳафсаласизлик билан телевизорни ёқди. Тасодифни қарангки унда “Пуштиранг хоним” ҳақида кўрсатув беришаётган экан. Лобар кўзлари ёниб телевизорга тикилди. Пуштиранг хоним, пуштиранг кўйлак. Аёлнинг пуштиранг ҳислар оғушида қолиб энтикди. Кечгача чўзилиб ётди. Қуёш кўк тоқига ёнбошлаган чоғда оёғини судраб ошҳонага йўл олди. Зўрға овқатга уннади. Ҳаёлидан ўрик гулининг пушти тусидаги кўйлак, пуштиранг хоним сира нари кетай демади. Қандай нафис, қандай эҳтиросли. Қозон тагини ўчиргач кўзгу олдига борди. Қачондан бери ойнага тузукроқ қарамабди. Эри ҳам қанча бўлди уни эркалаб сўз айтмаганига? Трикчилик ташвиши қурсин.
Аёл сочларини ювиб чиройли турмаклади. Пардоз-андоз қилди. Ойнадаги аксига бир зум тикилди-да, “бўларканку, Лобар, ” дея ўйлади. Шу пайт эшик тақиллаб қолди. Қараса қўшниси Баҳора. Сочлари тўзғиган. Юзлари шилинган.
-вой ўлмасам сизга нима бўлди қўшни? – деди Лобар қўрқиб кетиб.
-Илтимос, эшикни қулфланг. Эрим қувлаб келяпти, - деди-ю Баҳора ўзини ичкарига урди.
Лобар аввалига довдираб қолди. Кейин шоша-пиша эшикни қулфлади.
- энди тушунтириб гапирингчи.
- Ичиб келибди. Рашк қилиб роса калтаклади.,- ҳиқиллади жувон.
- Ўзингиз ҳам қизҳонса қизғонгудексизда айланай- деди уни юпатиб.
- Э, ўлар бўлсам ўлиб бўлдим. Еган ичганимда ҳаловат йўқ. Болалар ҳам катта бўлиб қолишди.номус қиламан ахир. Баҳоранинг кўзларидан ёш тирқиради. Жонинг қирқта деб дўппослагани-дўппослаган.
- Сабр қилинг қўшнижон. Инсофга келиб қолар.
- Қачонгача? Сизнинг эрингиз мўмин-қобил, ичмайди-чекмайди.Қолаверса ҳамма нарсанинг чегараси бор. Лобар бошқа гапирмади. Тўғрироғи нима дейишни билмади. Баҳоранинг эри эшикни тақиллатишга ботинмади чоғи эшикдан аста узоқлашгаётган қадам товушлари қулоққа чалинди.
Нодир ишдан қайтгунча Лобар билан Баҳора гаплашиб ўтиришди. Эри болаларни ҳам боғчадан ола қайтибди. Нодирнинг қўлидаги пушти атиргуллардан ясалган мўъжазгина гулдастага ҳавас билан боқди. Кўзлари чақнаб кетгандек бўлди. Бу Лобарнинг эътиборидан четда қолмади. Бир пасда ғала-ғовурга тўлган уйи кўзига файзли кўриниб кетди. Пуштиранг кўйлак ҳақида батамом унутди.Ҳаёли атиргулда бўлиб қолди. Уни вайта-қайта ҳидлаб, гулдонга солиб қўйди. Кейин эса яйраб-яшнаб дастурхон тузади. Шу куни Нодир ҳам Лобарнинг порлаб турган чеҳрасига меҳр билан боқди. Лобар шу куни тушида пушранг кўйлакни кўрди. Уни кийиб олиб, гулдастаин тутганча жилмайиб турганмиш. Уйғониб кетган аёл кўзларини ҳузур билан юмди. Ахир тушида бўлса ҳам ўша кўйлакни кийганди-да.
Саида Ибодинова