Интернетда гўзаллик билан боғлиқ хилма-хил маслаҳатларга дуч келамиз. Ундаги саҳифалар аксарият ҳолларда бир-бирига бутунлай зид нарсаларни тавсия қилади. Келинг, улардан баъзилари қанчалик ҳақиқатга мос келишини таҳлил қилиб кўрамиз.
1-«маслаҳат»: Сочларни тез-тез тараб туриш керак
Аслида тароқдан тез-тез фойдаланиш соч толаларининг титилиши ва теридан узилиб чиқишига сабаб бўлади. Шунинг учун, агар турмагингиз бунга имкон берса, тароқдан жуда кўп фойдаланманг. Ҳўл сочларни зинҳор тараманг! Бундай ҳолатда улар янада синувчан ва чалкашиб қолишга мойил бўлади.
2-«маслаҳат»: Тонал крем юздаги тешикчаларни беркитиб қўяди
Қачонлардир шундай бўлган бўлиши мумкин — тонал кремларнинг оғир таркиби терининг нафас олишини қийинлаштирган бўлса ажабмас. Бироқ ҳозир илм-фан анча илгарилаб кетган. Oil free линейкасидаги кремлар таркибида ёғ мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам улар юз тешикчаларини беркитиб қўймайди ва қора нуқтачаларни юзага келтирмайди.
3-«маслаҳат»: Сочларни тез-тез калталатиш уларнинг тезроқ ўсишига сабаб бўлади
Бу нотўғри қараш қаердан келиб чиққани ҳозиргача номаълум. Тўғри, агар сиз сочларингизнинг шикастланган қисмини кестириб ташласангиз, улар соғлом кўринишга эга бўлади. Аммо бу уларнинг тезроқ ўсишига ёрдам бермайди.
4-«маслаҳат»: Чой пакетчалари сизни кўз остидаги қора доиралардан бутунлай халос этади
«Чой пакетчаларини бир неча дақиқага кўзга қўйиш билан қорайишлардан бутунлай халос бўлиш мумкин». Бу каби тавсияларга албатта кўзингиз тушган. Бироқ аслида бу усул ҳар доим ҳам иш бермайди. Бу восита қон айланишини яхшигина тезлаштиради. Бироқ кўз остидаги шишлардан узоқ вақтга халос этмайди. Бунда комплекс муолажалар яхшироқ натижа беради.
5-«маслаҳат»: Тиш пастаси ҳуснбузарларга қарши курашишда ёрдам беради
Ҳуснбузарларни тиш пастаси билан куйдириш мумкинлиги ҳақида сиз ҳам эшитгандирсиз. Бироқ бу муаммоли ҳудудни енгил қуритиши мумкин, бироқ муаммодан бутунлай қутулишга ёрдам бермайди. Бундан ташқари, тиш пастаси таркибидаги баъзи моддалар терининг қизариши ва ҳаддан ортиқ қуриб кетишини келтириб чиқариши мумкин.
Манба: Daryo.uz