25 ёшда...
— Ҳар ярим йилда гинеколог назоратида бўлиш лозим. Боиси бу ёшда бачадон бўйни эрозияси хавфи ва бошқа шамоллашлар кучлироқ бўлади.
— Маммолог кўригидан ўтишни ҳам ёддан чиқарманг. Мастопатия ёшликда бошланадиган хасталик.
— Йилда икки маротаба стоматологга ҳам учранг.
30 ёшда...
— Бу ёшда эндометриоз, бачадон миомаси, тухумдон ўсимтаси, мастопатия каби касалликларга чалиниш эҳтимоли кучли. Шунинг учун бир ойда бир маротаба гинеколог қабулида бўлинг.
— Қалқонсимон без билан муаммолар юзага келиши ҳам мумкин. Бирдан кайфиятингиз бузилса, кечаси ухлолмасангиз, дарҳол эндокринологга кўрининг. Гормонларни аниқлаш учун қон топширинг ва қалқонсимон безни ультратовуш аппаратида текширтиринг.
— Ҳомиладорлик, туғруқ, аборт — буларнинг бари беиз кетмайди. Натижаси сифатида варикоз, грижа ва бавосил пайдо бўлиши мумкин. Шундай экан, жарроҳ кўригини ҳам канда қилманг!
40 ёшда...
— Бу ёшда соғлиққа алоҳида эътибор қаратиш лозим. Охирги йилларда аёллардаги климакс шу ёшда бошланаяпти. Ҳайз кўриш муддатида қориннинг пастки қисми ё белда оғриқ сезсангиз, гинеколог ҳузурига шошилинг. Ҳозирги кунда ҳар уч аёлдан бири миома сабаб бачадондан қон кетиши сабаб жарроҳлик столига ётаётгани ҳеч кимга сир эмас.
— Бир йилда бир маротаба маммография (сут безлари рентгени) қилдириш керак. Эллик ёшдан эса бир йилда икки марта.
— Кўришнинг хиралашиши ва бош оғриғи безовта қилиши мумкин. Бу глаукома — кўк сув касаллигининг аломатлари. Бу муаммодан қутулишда сизга окулист ёрдам беради.
— Қандли диабетнинг иккинчи босқичи ҳам шу ёшда учрайди. Бир йилда камида бир марта қанд миқдорини текшириш учун қон топширсангиз, касалликнинг олдини олган бўласиз.
Манба: Darakchi.uz