Қиш фасли иссиқ кийим харид қилишнинг айни вақтидир. Палто, куртка ёки шуба – уларнинг ҳар бири ўзига яраша афзаллик ва камчиликларга эга. Улар ташқи кўриниши билан бир қаторда совуқдан ҳимоя қилиш даражаси билан ҳам фарқ қилади. Бугун бозор ва дўконлардаги курткаларнинг турли-туман ассортименти орасидан ўзингизга мосини танлаш ҳақида сўз юритамиз.
Пар куртка (пуховик) энг оммабоп қишки кийимлардан биридир. Улар иссиқ ва юмшоқ бўлиб, совуқ шамолдан жуда яхши ҳимоя қилади. Агар шapkа кийишни хуш кўрмасангиз, уларнинг капюшонлисини танланг.
Мўйнали курткалар энг иссиқ, шу билан бирга энг қиммати ҳамдир. Кўп вақтингизни очиқ ҳавода ўтказсангиз ёки совуқ мамлакатларга саёҳат қилишни яхши кўрсангиз, айнан мўйнали куртка харид қилишни тавсия этамиз. Сохта мўйнага дуч келмаслик учун харидни кафолат берувчи дўконлардан амалга ошириш зарур.
Агар катта ҳажмли устки кийимни ёқтирсангиз, сизга мўйна ёки синтепон астарли текстил курткалар мос келади. Уларни изғирин совуқда, шунингдек, иссиқроқ ҳавода ҳам кийиш мумкин. Пар курткалардан фарқли равишда улар анча енгил бўлади. Қолаверса, нархи ҳам унча қиммат бўлмайди.
Чарм курткалар ҳам урфда бўлиб, улар совуқ ҳаводан яхши ҳимоя қилади. Бироқ қишда уларнинг астарлисини харид қилишни тавсия этамиз. Иссиқроқ ҳавода уларнинг астар қисмини ечиб қўйиш мумкин.
Кўпинча уларнинг ёқа қисмига табиий мўйна қўйиб, астар қисмига сунъий мўйна қўйиш ҳолатлари учраб туради. Буни мўйнанинг бир толасини суғуриб олиб, ёқиб кўриш ёрдамида текшириб кўриш мумкин. Агар мўйна толаси тўлиқ ёниб кетса ва ўзидан куйган соч ҳидини чиқарса – у табиий; агар тола эриб кетса, у сунъий мўйнадир.
Энг совуқ ҳавода ҳам ўзингизни иссиқ ва қулай ҳис қилинг!
Манба: Daryo.uz