— Менга «жинсий аъзолар ривожланишдан ортда қолган» деб ташхис қўйишди. Шундай бўлиши мумкинми? Бу ҳақда маълумот берсангиз...»
Ҳамида, Жиззах вилояти
Тиббиётда тананинг умумий ривожланмай қолиши инфантилизм деб аталади. У туғма ва орттирилган бўлиб, асосан икки тури мавжуд:
- умумий — тана умумий ривожланишдан тўхтайди;
- қисман — тананинг баъзи аъзо ёки тизимлари ривожланмай қолади.
Сабаблари
- Болаликда бошдан кечирилган инфекцион хасталиклар;
- бош миянинг шикастланиши ёки бошқа касалликлари;
- юрак-қон томир тизими касалликлари (масалан, юрак пороги);
- ички секреция безлари касалликлари;
- яхши озиқланмаслик, яшаш шароити ёмонлиги, ота-онадаги заҳарланиш (масалан, спиртли ичимликлар, симоб, қўрғошин билан).
Инфантилизм аёлларда ҳам, эркакларда ҳам учрайди.
Аёллар инфантилизми
Баъзи ҳолларда жинсий инфантилизм умумий инфантилизм билан биргаликда ривожланади, баъзан эса қисмий инфантилизм ҳам учраб туради. Биринчи ҳолатда аёлнинг бутун танаси ва аъзолари, тизимларида ҳам ривожланишдан тўхташ кузатилади. Одатда бундай аёлларнинг бўйи паст, суяклари нозик ва ингичка, бўксаси эса тор бўлади. Шунингдек, кўкрак безлари ҳам яхши ривожланмайди. Жинсий аъзолар яхши ривожланмагани сабабли бундай аёлларда ҳайз цикли бузилиши, жинсий майл пастлиги ёки умуман йўқлиги, бепуштлик ёки бола ташлаш ҳоллари ҳам кузатилади.
Қисман инфантилизмда эса аёл ҳам жисмонан, ҳам руҳан тўғри ривожланган, фақатгина жинсий аъзолар анатомик ривожланмай қолган ёки нуқсонли бўлади.
Аёллик аъзоларининг ривожланиш даражаси бир‑биридан фарқ қилади. Янги келинлик даврида жинсий аъзолар тўла ривожланмагани сабабли у қийинчиликка дуч келади. Аммо кейинчалик жинсий ҳаёт, ҳомиладорлик ҳамда туғруқ жараёнини бошдан кечиргач, бу нуқсон бутунлай йўқолиб кетиши ҳам мумкин.
Оқибатлари
Баъзи ҳолларда жинсий аъзоларнинг етарлича ривожланмаганлиги турмушга чиқиб, жинсий ҳаёт бошлаган қиз саломатлигига хавф туғдириши ҳам мумкин. Яъни унинг жисмоний ва руҳий саломатлигига зарар етиши натижасида аёл турли жинсий муаммоларга дуч келади. Шу боис янги уйланган йигит илк йилларда аёли билан бу борада эҳтиёткорона муомала қилиши лозим.
Жинсий аъзолар ривожланмаганлиги аёлнинг оилавий ҳаётига ҳамда руҳий ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатиши табиий ҳол. Ҳозирги кунда турмуш қуриш остонасида турган йигит ва қиз тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу жараёнда қизларнинг қай даражада тўғри ривожланганига ҳам аҳамият бериш лозим. Қизда бирор нуқсон кузатилганда бу камчиликка кўз юмиб, «ўтиб кетади» дея узатиб юбориш ярамайди. Юқорида айтилганидек, бу қизнинг ҳам оилавий ҳаётини, ҳам саломатлигини хавф остига қўйиши мумкин. Унутманг, бу ҳам бир касаллик. Шу сабабли уни шифокор назорати остида даволаб, сўнг турмушга бериш тўғри бўлади.
Даволаш
Энг аввало инфантилизмга сабаб бўлган касалликни аниқлаш лозим. Хасталик сабаблари қанча эрта ташҳисланиб, даво муолажалари бошлаб юборилса, шунча яхши. Айниқса, оналар энди ривожланаётган ўсмир қизларга аҳамиятли бўлишлари даркор. Қизлари спорт машғулотлари билан шуғулланишига ҳам эътибор бериш керак.
Аёллардаги жинсий инфантилизм жинсий гормонлар — эстроген ва прогестерон ёрдамида даволанади. Шу билан бирга, иссиқ муолажалар, балчиқ билан даволаш ва диатермия ҳам олиб борилади. Муолажалар билан биргаликда вақтида овқатланиш, умуман, кун тартибини бир маромга солиш тавсия қилинади.
Манба: Darakchi.uz