Саломатлик

«Қўлда ҳам варикоз бўладими?»

– Қўлимнинг билак кафт соҳасида варикоз бор. Оғир нарса кўтарсам оғриқ беради. Бу дарднинг давоси борми? Жарроҳлик муолажасини тавсия этишаяпти. Аммо кейинчалик бирор асорати бўлсачи деб иккиланаяпман. Нимани маслаҳат берасиз?

Санжарбек Юсупжонов, Тошкент шаҳри

Саволга спорт шифокори Сунатилла ЮЛЧИЕВ жавоб беради:

– Айнан билак кафт соҳасида варикоз димланишларни кузатмаганман. Саволингиз мазмунига кўра сиз назарда тутаётган ҳолат гигромага ўхшаяпти. Гигрома билак кафт бўғимида қалтис ҳаракатлар эвазига капсуланинг йиртилиши ва бўғимдан чиққан суюқликнинг мушак остига тўпланиб қолишидир. Диққат қилинг, агар шиш узоқ вақт мобайнида сақланиб турган бўлса, жарроҳлик амалиётига мурожаат қилиш лозим. Бордию бунинг акси бўлиб, шишнинг юзага келганига кўп бўлмаган тақдирда консерватив даво чораларини қўллаш мумкин. Айни вазиятда шифокор кўригидан ўтишингизни тавсия қиламан.

Манба: Darakchi.uz