Биласизми?

Қўл терисини парвариш қилиш бўйича маслаҳатлар

Аёл нафақат юзига балки қўлларининг кўринишига ҳам эътиборли бўлиши лозим. Қўл териси юз теридан кўра тезроқ ўз гўзаллигини йўқотади. Бунга асосий сабаб, аёллар қўлини кўп сувга уради, қўл териси иссиқлик ва совуқни тез-тез ўзида ҳис этади, тери учун зарарли бўлган кимёвий моддалар(кир ювиш ва тозалаш воситалари) асосан қўл териси билан тўқнаш келади. Шунинг учун аёллар мунтазам равишда, юзни парвариш қилгандек, қўлларини ҳам парвариш қилиб туришлари муҳим. Аёлнинг юзи қанчалик гўзал бўлмасин қўл ва оёқ териси дағал, рангсиз ва носоғлом кўринишга эга бўлса, бу унга чирой қўшмайди. Юз териси камчиликларини косметика билан беркитиш йўли бор, лекин қўл терисини ҳеч нарса билан беркитиб бўлмайди. Қўл терисини парвариш қилиш тамойиллари: 1. Ҳар куни ётишдан олдин қўлларни илиқ сувда ювиб, витаминга бой қўл кремини суриб олиш керак. 2. Уй ишларини бажариш жараёнида кимёвий воситалардан фойдаланилган пайт албатта ҳимояловчи қўлқопни кийиб олиш лозим. 3. Ҳафтада камида бир марта қўлга крем суриш давомида қўл терисини массаж қилиш тавсия этилади. 4. Совуқ кунда ташқарига қўлга ҳимояловчи крем сурган ҳолда чиқиш керак. 5. Қўлни яхшилаб сочиқда артиш муҳим, хўл терида модда алмашинуви тез бузилади. Қўл териси учун фойдали крем (уй шароитида): 1 дона олмани қирғичдан чиқариб 2 ош қошиқ зайтун ёғи билан аралаштирамиз. Бунга 1 чой қошиқ вазелин қўшиб қўлимиз терисига 10 дақиқага суриб қўямиз. Сўнг ювиб ташлаймиз. 6. Қуёш нурларига қарши кремни қўл терисига ҳам суришни унутмаслик керак. 7. Қўлни жуда қайноқ ёки жуда совуқ сувда ювмаслик лозим. 8. Агар қўл териси жуда ҳам кир бўлса, терини совунда ишқалаб ювишдан кўра лимоннинг бир бўлаги билан кир жойларни артиб чиқса, ҳам кири кетади, ҳам тери ранги оқаради.