Саломатлик

Қон босимингиз баландми? Кўзларингизни эҳтиёт қилинг!

Бир неча ойлар аввал ҳам шундай бўлганди, эрталаб уйқудан уйғонсам, ўнг кўзимнинг ичи қизариб кетган. Шифокорга учрашсам, кампилляр томир ёрилиши дея ташхис қўйди. Томчи дориларни қўлладим, бир муддат қуёшдан ҳимояловчи кўзойнакдан фойдаландим. Икки кун аввал яна ўнг кўзим ичи қизара бошлади. Капилляр қон томир ёрилишининг сабаби нима? Балки бу бирор касаллик аломатидир? Шу ҳақида билмоқчи эдим.

Шаҳноза Болтобоева, Тошкент шаҳри

Саволга шифокор окулист Нодира РАСУЛОВА жавоб беради:

– Артериал қон босими максимал даражада кўтарилган пайтларда ёки доимий равишда қон босими юқори юрувчи кишиларда юқори босим кўздаги майда капиллярларнинг зарарланиши яъни ёрилиб, кўзда қизариш аломатининг келиб чиқишига сабаб бўлади. Бундай ҳолларда баъзан бурун қонаши ҳам кузатилиши мумкин. Сизга маслаҳатим, окулист, кардиолог ва терапевт шифокорлар кўригидан ўтинг. Муаммо нимада эканлигини аниқлаш учун артериал қон босимини ўлчаш, юрак ЭКГ си ҳамда қон ва пешоб суюқлигининг умумий таҳлилини ўтказиш лозим. Шу билан бирга кўз ички босимини ўлчаш ҳам талаб этилади. Кўз тўр пардаси (томир ва нервлар ҳолатини чуқур ўрганиш) ҳолатини ҳам кузатиш лозим. Капиллярларнинг ёрилиб, кўз коньюктивасига қон қуйилиши кўздаги, қизариш қон босими кўтарилганида (хафақон касаллиги) ёи кўз ички босимининг ортиши (глаукома) да ҳам содир бўлади. Тиббий текширувларга қўшимча равишда невраполог кўригини ҳам тавсия этган бўлар эдим.

Манба: Darakchi.uz