Ошхона

Қуймоқлар учун мазали қиймалар

Орамизда қуймоқ (блинчик)ни ёқтирмайдиганлар бўлмаса керак. Уларни шунчаки мураббо ёки қуюлтирилган сут билан ейиш мумкин, шунингдек, қуймоқнинг ичини масаллиқ билан тўлдириб, уни бутун бир таомга айлантириш ҳам мумкин. Мақолада оила аъзоларингиз ва, ҳатто, меҳмонларга ҳам ёқиб тушиши мумкин бўлган мазали қиймалар учун ғояларни келтирамиз.

  1. Тухумли қийма

Таркиби: 4 та тухум, 50 г кўкпиёз, 5—10 г шивит, туз.

Тайёрланиши: 4 та тухумни қайнатиб оламиз. Пишгач, уларни пўстидан ажратиб, қирғичдан ўтказамиз. Кўкпиёзни қовуриб оламиз, сўнг тухум, шивит ва туз билан аралаштирамиз.

  1. Творогли қийма

Таркиби: 500 г творог, 1 та тухум сариғи, 2 ош қошиқ шакар, 50 г майиз.

Тайёрланиши: творогга тухум сариғи, шакар қўшиб аралаштирамиз. Ҳосил бўлган массага аввалдан қайноқ сувга ивитилган майизни қўшамиз.

  1. Товуқ гўштли қийма

Таркиби: 1 та товуқнинг кўкрак қисми, 10 г шивит, 2 та қайнатилган тухум, туз, мурч.

Тайёрланиши: товуқ гўштини қайнатиб оламиз ва гўшт қиймалагичдан чиқарамиз. Шивитни майда тўғраймиз. Тухумни қирғичдан чиқарамиз. Барчасини аралаштириб, таъбга кўра туз ва мурч қўшамиз.

  1. Гўштли қийма

Таркиби: 500 г гўшт қиймаси, 1 бош пиёз, туз, мурч.

Тайёрланиши: гўшт қиймасини пиёз билан қовуриб, туз ва мурч қўшамиз.

  1. Туршакли қийма

Таркиби: 300 г творог, 100 г туршак, 1 ош қошиқ шакар.

Тайёрланиши: творогга майдаланган туршакни ва шакарни қўшиб яхшилаб аралаштирамиз.

  1. Қайнатилган мол гўштидан қийма

Таркиби: 500 г мол гўшти, 1 бош пиёз, 20 г сарёғ, туз.

Тайёрланиши: мол гўштини 1,5 соат қайнатамиз, сўнг гўшт қиймалагичдан чиқарамиз. Пиёзни тўртбурчак қилиб тўғраб, сарёғда қовуриб оламиз, қиймаланган гўштни соламиз, таъбга кўра туз қўшамиз.

  1. Қуюлтирилган сут

Таркиби: суюқ шаклдаги қуюлтирилган сут ёки қайнатиб қуюлтирилган сут (варённая сгушёнка).

Шакар қўшиб пиширилган қуймоқ устига қуюлтирилган сут қуйиш мумкин.

  1. Гўшт қиймаси ва гуруч

Таркиби: 500 г гўшт қиймаси, 1 та пиёз, ўсимлик ёғи

Тайёрланиши: қиймаланган гўштни ўсимлик ёғида қовуриб оламиз. Пиёзни майда тўғраб унга қўшамиз ва паст оловда пишгунича қовуришда давом этамиз. Тайёр бўлгач, унга қайнатиб пиширилган гуручни қўшамиз, тузлаймиз, мурчлаймиз ва яхшилаб аралаштирамиз.

  1. Қўзиқоринли қийма

Таркиби: 500 г қозиқорин, 2 та пиёз, туз, мурч.

Тайёрланиши: қозиқорин ва пиёзни қовуриб оламиз. Таъбга кўра туз ва мурч қўшамиз.

  1. Қайнатилган колбасадан қийма

Таркиби: 200 г қайнатилган колбаса, ярим қошиқ хантал, 50 г сметана, 100 г пишлоқ.

Тайёрланиши: колбасани гўшт қиймалагичдан ўтказамиз, пишлоқни йирик тишли қирғичдан чиқарамиз, хантал ва сметанани қўшиб, барчасини аралаштирамиз.