Кутубхона

Рўмолли доктор (давоми)

Ҳа, бу яна менман.... рўмолли докторингиз! Агар мендан зерикмаган бўлсангиз, ҳикоямнинг бирозгина давоми бор эди 😃...

Сиз доктормисиз? Психотерапевтмисиз? Телефонда айнан сиз билан гаплашганмидик? Расмингизда бошқача экансиз?! Отинойимасмисиз?

Аskdoktor.uz, bestdoktor.uz, klubmedikov.uz, хуллас интернетдаги жамики тиббиёт сайтлари, телеграм каналлари ва “сарафан реклама” орқали топиб келаётган пациентларим томонидан юқоридаги саволлар берилишига ўрганиб хам қолдим. Тўғри-да, улардан ҳафа эмасман, мени бошқачарок таърифлашган уларга, мен эса энди “рўмолли доктор”га айланганимдан уларнинг хабари йўқ.

Аллоҳнинг биз учун ўз режалари бор дейишади, мен шунга аниқ ишондим. Сабаби, мен илгарилари кўпроқ Ғарб психотерапиясига кўра иш кўрган бўлсам, айнан шундай, яъни европалашган, русий забон ўзбекларимиз мурожаат этишар эди. Хозирда эса асосан шарқ, яъни маънавиятга (динга) йўналтирилган психотерапия билан шуғулланаётганимдан буён таажжубки, айнан диний ақидаларга риоя этадиган беморларимиз мурожаат этишаяпти. Бундай йўналиш методини, концепциясини ишлаб чиқиш учун илмий изланаяпман.

Илгари онлайн ва бевосита консультациялар чоғида фақат тиббиёт нуқтаи- назаридан жавоб бераётган бўлсам, эндиликда эса саволларга жавобни диний китобларимиздан ҳам излаяпман. Сабаби тиббиёт ҳали ҳеч қачон динга боғлаб ўрганилмаган касалликлар сабаби, айниқса психосоматик касалликларнинг сабаби оддийгина фарзларимизни бажармаслигимиз туфайли келиб чиқиши мен учун, яъни шифокор учун янгилик бўлаяпти. Шуларни билганим сари, агар инсон руҳиятини тинчлантирмокчи бўлса (стресс менежмент, суггестив психотерапия), ҳавотир ва қўрқувни енгмоқчи бўлса (рационал психотерапия), қўйингки, рухий ҳотиржамликка эришмоқчи бўлса, мен тавсия этадиган психотерпевтик усуллар, зарурий ҳолларда медикаментоз (дорилар) билан биргаликда албатта фарзларни бажариши, Қуръон ўқиши (ўқишни билмаса, тинглаши) лозимлигини тавсия этаяпман. Тўғри, буларни психотерапевт сифатида тавсия этишим учун тиббий муассасалардан рухсат олишим зарурдир (кўпчилик хамкасбларим шу ерига келганда мен билан хамфикр бўла олмайди, аммо вақти келиб, илмий томондан ўз тасдиғини топгандан сўнг, фикри ўзгаришига ишончим комил)... аммо оддий муслима аёл сифатида менга ҳеч кимнинг розилиги шарт эмас, сабаби исломий фарзларимизни эслатишга хар қандай мусулмон хақли деб ўйлайман.

Кўнгли чўккан, тушкунликка тушган аёлларга маслаҳат чоғида хам “ўзингизни севинг, ўзингизни хаммадан устун қўйинг, жойида жавоб беринг” дея Европа билимларига таяниб иш кўрган бўлсам, эндиликда “Аллоҳни севинг, фарзларингизни ўз вақтида адо этинг, шарттакилик қилиб бировни дилини оғритиш катта гуноҳ, сабрли бўлинг” дея айтаяпман. Сиз ўша Гавҳар Дарвишонамисиз, деган саволларни хам беришаяпти. Тўғри бироз юмшаганим, фикрларим, қарашларим ўзгаргани рост. Инсон характери узоқ вақтли когнитив-ҳулқли психотерапия, коррекцион тадбирлардан кейингина ўзгариши мумкин деб ўйлайдиган мутахассис, Ислом инсонни ҳалимдек юмшашига сабаб бўлишига тоборо ишониб бораяпман. Аллоҳ буюк, истаса бир инсонни тамоман бошқа инсонга айлантиришига энди аниқ ишончим комил. Фан, илм, тиббиёт кучсизлик қилганда, Аллоҳни амри билан ўлим тўшагидаги инсон соғайиб кетишига аниқ ишонаман, мўъжизаларга ишонаман.

Гавҳар Тешабоева