Саломатлик

Рўза тутиш вақтида тўғри овқатланиш қоидалари

Муқаддас Рамазон ойида овқатланиш рационингиз одатдагидан кўп ҳам фарқ қилмаслиги ва иложи борича оддий бўлиши керак.

Саҳарлик вақтида овқатланиш

Саҳарлик рўзадор учун жуда муҳим бўлиб, у организмга куннинг биринчи ярмида самарали ишлаш учун зарур қувватга эга бўлиш имконини беради. Бу шунга олиб келадики, куннинг иккинчи ярмида организмга зарур энергия углеводлар ва ёғларнинг бир қисми парчаланиши ҳисобига ажралиб чиқади, аммо бу оқсиллар алмашинувига таъсир қилмайди, шундай экан, организмдаги алмашинув жараёни ҳеч ҳам зарар кўрмайди.

Шифокорлар саҳарликка мураккаб углеводлар — буғдой нон (қора нон), ёрмалардан тайёрланган таомлар, янги узилган сабзавотлардан салатлар ва қуруқ мевалар истеъмол қилишни тавсия этади. Мураккаб углеводлар организмда узоқ вақт давомида ҳазм бўлади ва шунинг учун организмни камида 8—12 соат давомида қувват билан таъминлайди. Уларга гўшт, балиқ, тухум ёки сут маҳсулотлари кўринишида бироз оқсил қўшиш мумкин. Оқсил ҳазм бўлиши учун ҳам анча узоқ (8 соат) вақт талаб этилади ва у, айниқса, юқори жисмоний фаолликда муҳимдир, аммо уни кўп миқдорда истеъмол қилиш орқали жигарга оғирлик тушириш мумкин, бу аъзо ўзи шундоқ ҳам рўза пайтида зўр бериб ишлайди.

Шунингдек, оғиз ёпиш вақтида хурмоқоқи, бодом, банан тановул қилиш ҳам фойдалидир. Бироқ ҳаддан ташқари кўп ейиш ва ичиш керак эмас, ахир оқибатда кун давомида организм фаолиятини қўллаб-қувватлаб туриш учун зарур бўлган минерал тузлар организмдан чиқиб кетади.

Саҳарлик вақтида қаҳвадан бутунлай воз кечган (ёки уни минимал миқдорда ичган) маъқул. Қатиққа кўкат ва бироз туз қўшиб ичилса, ҳам фойдали, ҳам чанқоқбосди бўлади.

Ифторлик вақтида овқатланиш

Оғиз очиш вақтида дастурхонга мевалар, қуруқ мевалар, пишириқлар ва бошқаларни тортиш мумкин, асосийси — ошириб юборманг. Овқат кўп бўлиши керак эмас — қовурилган ва хамирли таомларни чеклаш керак. Ёғли ва қовурилган овқатларни, таркибида шакар жуда кўп бўлган маҳсулотларни еманг. Қовурилган таом овқат ҳазм қила олмаслик, жиғилдон қайнашига олиб келади, вазнни кўпайтиради.

Энг маъқули — сабзавотлардан ёки гўшт ва сабзавотлардан тайёрланган таомдир. Янги узилган сабзавотлардан салатлар, ёрмалардан таомлар — фойдали. Ширинликлар ейиш мумкин, бироқ кўп бўлмаган миқдорда. Овқатланиш мувозанатга келтирилган бўлиши керак: унга ҳар бир гуруҳга тааллуқли озуқалар, масалан, сабзавотлар, мевалар, гўшт, товуқ гўшти, нон, дон ва сут маҳсулотлари кириши керак.

Ифтор ва уйқу оралиғида иложи борича кўпроқ сув ва шарбатлар ичинг, бу организмда суюқлик миқдорини нормал даражада сақлаб туриш учун зарур. Ичимликлардан янги сиқилган шарбатлар, морслар, компотлар, кисель ва чой, шунингдек, оддий сув ҳам тўғри келади.