Саримсоқ пиёзнинг ҳаммага маълум ва машҳур фойдаси, шифобахш хусусиятлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Аммо у янги ҳосилгача барра ва серсув бўлиб қолиши учун уни қандай сақлаш кераклигини ҳаммамиз биламизми? Мақоламизда бунинг баъзи усуллари билан танишишингиз мумкин.
Саримсоқни сақлаб қўйишдан аввал, уни мақбул вақтда ва об-ҳавода тўғри йиғиб олиш керак. Уни яхшиси, зарар етказмаган ҳолда, бус-бутун бошли кўринишда кавлаб олган маъқул. Буни қуруқ ҳавода амалга оширинг, кавлашдан олдин суғорманг.
Териб олгач, саримсоқни сояда ёки айвон остида икки ҳафта давомида қуритиш лозим. Сўнг тупроқ қолдиқларини олиб ташлаш, банди ва илдизларини кесиш, илдиз қолдиқларини эса олов устида куйдириш керак.
Саримсоқ пиёзларни диққат билан сараланг, шубҳали бўлган — бузилган, эзилган, доғлари бўлган, пук бош ва бўлакларни ташлаб юборинг.
Қуритганингиздан кейин саримсоқни кичик порсияларда картон ёки ёғоч қутиларга, пластик контейнерларга, тўқима саватларга, каноп қопларга ва ҳатто шиша банкаларга жойлаштириш мумкин.
Саримсоқни қаерда сақлаш керак? Энг яхшиси — қоронғи, қуруқ жойда 2 дан 5 даражагача бўлган ҳароратда ва ҳаво намлиги 70—80 даража бўлган шароитда сақлаш лозим. Оптимал жой ертўла, омборхона, балкондаги қути ёки совитгич бўлади.
Сақлаш жараёнида саримсоқ бузилиб қолмаслиги учун, унинг ҳолатини кузатиб бориш керак. Чириган саримсоқ ўзига хос ҳид чиқаради. Шунингдек, юмшоқ, буришган ёки доғ босган бўлакчалар ёки бутун бошлар пайдо бўлиши мумкин. Айниган бошларни умумий массадан ажратиб олиш зарур.
Манба: Daryo.uz