Саломатлик

Семизликка жиҳод

Ҳуллас, мен асли охирги пайтларда мода бўлиб бораётган озишга қизиққаним йўқ. Ўзимнинг шаклу-шамойилим ўзимга жуда ёқади-ю, аммо ҳаммада бўлгани каби менда ҳам бир оз камчиликлар бор. Аммо ўзим ёқимтойгинаман, шунинг учун бу камчиликларим кўринмай кетади.

Бу камчиликлардан бири - ҳомиладорликдан сўнг қорним чиқиб қолган ва бўксаларимда “бироз” қулоқчалар пайдо бўлган. Албатта эрталаб ўзимни ойнадан беркитгандан кўра, ёқимтойлигимга ишониш осонроқ.

Аммо баҳор бу баҳор. Баҳор кириши билан ҳамма нарса гўзаллашади. Шунга бўлса керак, ҳамма қатори мен ҳам ўз гўзаллигимни янада ошириш пайига тушиб қолдим. Албатта, “ҳа, демак айтганингиздек гўзал эмас экансизда”, деб айтишингиз мумкин. Ҳа, энди гўзалликка гўзалманку-я, аммо ҳаёлимдаги гўзаллик сиймоси бироз ўзгарганда. Эргинам ҳам буни дарров сезди шекилли, узуқ-юлуқ бир икки марта сўз орасида буни эслатиб ҳам ўтди. Яна бу эр ((э-воҳ, наҳотки бу эрга (ерга демоқчи эдим, ҳа майли эр бўлақолсин) ҳаётимнинг энг гуллаган баҳорларини бағишладим-а), уялмай нетмай, нозиккина аёлларга кўз ташлайдиган бўлиб қолди. Яна бу бўйнинг қўрғурлар ҳар қадамингда учрайди-я. Ҳа, беҳаё-шармандалар, аммо қандай қилиб бундай гўзал қоматларини сақларкинлар-а?

Ҳуллас, озиш ҳақидаги ўйлар бази-баъзида ҳаёлимга меҳмонга келадиган бўлиб қолишшди. Охир-оқибат “уялмаган меҳмон” бўлиб ўша ерда бутунлай яшаб қолишди. Ҳар гал бирорта қомати кетворган қизни кўрсам, ўзимга раҳмим келадиган, унга эса ҳасад билан қарайдиган бўлиб қолдим. Оҳ, манинг асаб толаларим, ҳар бири нақ олтиндану, аммо кундан кун эриб боришарди. Билсанглар агар, асаб толалари тикланмайди-я.

Бир кун душ тагида туриб ўз камчиликларимни кўздан кечирдим. Танамнинг ҳар бир сантиметрини нақ кўзим билан ўлчаб чиқдим-а. Оқибатда муштимни тугиб, шейпингмией, фитнисмией, ўша отинг қурғурга қатнашишга қарор қилдим. Шундай курсларни излаб ҳам топдим, “Ҳамма мускуллар учун машқлар. Любой савиядаги одамларга ҳам бўлаверади”, деб ёзилган экан. Энг яхшиси - уйимизнинг ёнгинасида. Иккинчидан, ишхонадагилар ким бу курсларга борган, ким қанча озган ва яна бир нарсалар деб нақ қулоқларимни қоматга келтириб ташлашди. Йўқ, ман олдин бундай мавзулар билан умуман қизиқмасдим. Мана энди гаплашиш учун умумий мавзу ҳам топилди. Учинчидан, бу курсларнинг рекломи бор газетани эрим , гўёки “тасодифан”, дастурҳон устида "унутиб" қолдирган. (Ман бу эрга ҳаётимнинг энг гуллаган баҳорларини бахшида қилганман-а. Шунақалигини билганимдами, эҳ...)

Яна бир бора эълонни ўқиб чиқдим. Бу “любой савия учун” бўлгани жудаям яҳши бўлди. Йўқ! Яна сиз "бу умрида спорт билан шуғулланмаган бўлса керакда", деб ўйламанг. Ман, биласиларми, қанақа спортсменкаман. Ўтган йили, шу десангиз, ман 3 кун (нақ 3 кун-а!) эрталаб “ўтириб туриш” машқини қилдим. Кейин бир ҳафта(!) пресс качат' қилдим. Аммо пол қурғурнинг роса ғирчиллаши бир ҳафтада пастки қўшнимнинг сабр косасига охирги томчи бўлиб қуйилди шекилли, мени кўриб қолиб: “Қўшни, эрталаб эриз билан нима қиласизлар? Жаа бизани поталогимизгача ғижиллаб кетдику” деди. Ҳа, юзинг қурғур, яна манга тиржаядия, қулоғингни ёпиб турсанг бўлмасмиди, шу пол ғижирлаганда. “Вой, қўшни пизкултура қивотувдим”, десам, қўшним нимагадир маюс бўлиб қолди. Ҳа, айтишича, бунақа пизкултура билан улар баъзан байрамларда шуғулланишаркан. Ҳеҳ, бизада кўп бунақа “пизкултура”.

Нима ҳақида гапираётгандим? Ҳа, бўлди, эсладим. Мани уйимдачи, яна гантеллар ҳам бор. Тўғриси бу гантеллар эшик ёпилиб кетмаслиги учун унга тақаб қўйилган-у, аммо барибир гантелларим бор-да. Мана кўрасиз, ўша залга бораманда, ҳамма ёғимдан чиройли мускулларим чиқиб, сарвиқомат гўзалга айланаман. Кўрганизда сизгаям алам қилиб кетади.

Аввалига ҳеч нарса бир бало келишидан дарак бермади. Оддийгина зал ва ҳар хил жуссали “хола”лар. Фақат ҳаммаси эскиси чиққан трико-ю, майкаларда. Яна ҳеч қайсиси пардоз қилмаган. Билсангиз агар, аёл киши ҳамма жойда гўзал бўлиши керак. Ман залга кирганимда ҳаммаси манга шунақанги қарашдики, мана аёл қанақа бўлиши керак. Кўриб қўйинглар, аёл чиройли пардозли ва қимматбаҳо спорт кийимида бўлиши керак.

Ҳамма аёллар олдида степ-платформалар турарди. Залда ёввойи, шўҳ қўшиқ тараларди. Тренер ҳали келгани йўқ. Машқларни бошлашдан олдин мускулларни бироз қиздириб олиш кераклигини эслаб, бир икки сакрадим, оёқ-қўлларимни силкитдим, бўйнимни айлантирдим. Мен ҳам спортда ҳамма нарсани билишимни атрофдагиларга кўрсатиб қўйдим. Ҳўш, бу тренер келадими, йўқми ўзи? Бу қанақа гап бўлди, қани тренер?

Шу пайт тренер кириб келди, у кичкинагина мускулли аёл эди. Менга бошдан оёқ разм солдида, қандайдир ёвуз табассум билан деди:

- Биринчи марта келибсиз, чоғи? Агар жудаям қийналиб кетсангиз бироз дам олишингиз мумкин, - энди ҳаммага мурожаат қилиб. – Қани қизлар, бошладик.

Беш дақиқа ўтди, ооо мазза! Мусиқа оҳанглари остида сакраш қандай мароқли! Фақат кўкракпешни қаттиқроқ тақиш керак экан. Кўкракларим мендан алоҳида сакрашга ҳаракат қилишаяпди. Нега аввал бу ерга келмаган эканман-а? Спорт билан шуғулланиш керак экан, соғлом ҳаёт тарзига саломлар!

Етти дақиқа, учиш яҳши кетаяпди. Аммо қанақадир ғалати ҳис пайдо бўлаяпти. Наҳотки 50 дақиқа мана шу тарзда сакрасак?

Ўнинчи дақиқа, учиш секинлашди. Энди тушундим бу ерга аёллар нега пардозсиз келишганини. Бир дунё пулга олган упа жилдираб оппоқ футболкамга оқиб тушаяпти. Атрофимдаги 20 аёл юзларига темир ниқоб кийиб оёқ қўлларини ликкиллатиб сакраяптилар. Оҳ, эркаклар армиясиям буларнинг олдида ҳеч гапмас.

Ўн иккинчи дақиқа. Тренер ҳоламнинг юзи ҳатто қизармадиям (ахир уям биз тенги сакраяптди-да)

- Қани қизлар, тезроқ, тезроқ. Яна тўрт марта, кейин секинлашамиз.

Ўн бешинчи дақиқа. Ёрилиб кетаман ҳозир. Оёғимни яна бир бор кўтарганимда узулиб тушсачи? Қизиқ, қўлимам ўша пайт узилиб тушармикин, ёки сал кейинроқми? Билиб қўйинглар, ман ёрилсам, зални расвоси чиқади. Ааа, энди тушундим нимага бу холалар степ платформани шунча тепишаяпти. Ман ўзимникини кўрарга кўзим қолмади. Мана санга, мана! Илойим синиб тушгин!

Йигирманчи дақиқа. Гиламчаларни оламиз. Тренер ҳоламнинг айтишларича, ҳозир пресс качат' қилармушмиз. Тиззаларим қалтираб кетаяпди. Оёқларим мандан алоҳида равишда гиламча излашга кетди. Вой, ҳар тугул, сакрамас эканмизу, кўнгилларим озиб кетди-я, сакрийвуриб. Гиламча кўзгунинг ёнида. Борганимда ўзимни кўриб қўрқиб кетдим, ё ўзимданмас, мани кўрганларнинг аҳволини тасаввур қилдим-де, бугун точно уҳлолмийди. Яхшиям бу залда эркак зоти йўқ, бўлмаса, билмадим, нима бўларди. Спорт залларининг ёнгинасидан докторхоналар қуриш керак. Атрофга қарасам, вой-бу, ану холалаям мани рангимга киришибди-ю. Юзимизга қарасангиз, нақ байроқ дейсиз. Қизилиям бор, оқиям бор, кўкиям бор.

Йигирма иккинчи дақиқа. Ойижоон! Вой ман тинчгина ўша сакрашимми қивурмийманми? Ўлсамам сакраб ўлий. Вой ман оёғимни бўйнимга чиқаромийман. Мани у еримда мускул йўқ. Ошқозонимда эрталаб еган овқатим билан асаб толалари бор, ҳолос.

Йигирма бешинчи дақиқа. Кимдир газ чиқарди. Ҳа, ҳар ҳолда пресс учун машқлар бефойда кетмасакан. Бошқа сайёрадан яшил одамчалар келиб, одамларни шунақа қийнаса керак. Чунки ўн бешинчи қайрилиб ўралишдан сўнг, ман дунёни ҳамма сирларини айтиб беришга тайёрман.

- Ҳи, ётволибсиз? Қани ишлатинг мускулларни. Ёки чиққан қоринча билан қолмоқчимисиз? Қани ишланглар, қизлар, ишланглар.

Қараворинглар, яқин ўртада бирорта оғирроқ нарса йўқми?

Агар мабодо ҳозир ўлиб қолсам, мани энг охирги ўйлантирган нарса қорин бўлади. Секин полга эриб тушаман, нафас олволий. Кўзгудан ҳамманинг ҳар ҳил размердаги орқаси кўринади. Юзларам нақ пушти ранг, ҳа йўқ, қип-қизил ранг бўлиб кетган. Ҳамманинг юзида темир маска – ёғларимиз билан жанг олиб бормоқдамиз!

Ўттизинчи дақиқа. Гуруҳдагиларнинг ҳаммаси зомбига ўҳшайди. Ҳеч ким текис ўрнидан туролмайди. Ҳамма у ёндан бу ёнга чайқалади. Сочлар ёйилиб кетган, кўзлар чақнайди.

Кечирасиз тренер хола, ман бунақа позани қилолмийман, мани оёқларим умуман бошқа жойдан ўсган. Йўқ, ҳаракат қилиб кўришшиям истамийман. Йўқ, бу тренер холам одам зотидан бўлмаса керак. Холамдан озгина ерини билдирмасдан олиб, анализга бериш керак. Текширишсинчи, бу одаммикин, ё резинками? Оддий одам бунақа тугунларга айланомийди.

Ўттиз бешинчи дақиқа. Тўғри, тўғри энди отжимания қилмасак бўладими?! Тренер холам резинка эмас, бизани қийнагани бошқа планетадан келган махлуқ. Танам манга қулоқ солишдан бош тортади. Гўё пол артадиган латтадай бошқа ҳеч нарсага ярамайман, дегандай.

- Ҳўш қизлар, платформага келинглар. Кўкракларимиз платформага тегсин, қўлларимиз билан танамизни кўтарамиз. Кимнинг кўкраги платформага тегса, демак, кўкрак чиройли бўлади.

Мани кўкрагим тегди, фақат кейин ўша куйи платформада ёттим-қолдим. Буниям санаса бўладими?

Қирқинчи дақиқа. Ман энди ўтиромийман. Оёқларим эгилмийди. Нима? Қўлимдаги жимжилоғим билан оёғимдаги кичик бармоғимни ушлий? Ақлиздан озибсиз, шекилли. Нима қилаяпсиз, ўзи?! Ё бизани эрларимиз биратўла ўлидириб беринг, деб сиздан илтимос қилишганмиди? Вой, хола, ўлиб қоламиза-ю, буниям қилсак. Агар тахта бўлсам мани синдириб шунақа позада қоқиб қўйса бўларди. Вой фашист! Тўхтанг, қатга кетаяпсиз энди, ааааа! Тўхтанг, вой қуллуғиз бўлий, кетманг. Ёйиб қўйинг мани энди. Қаддимми ростлаб қўйинглар, барака топгурлар. Машинага ўтиромийману, бунақа тугун бўлиб.

Қирқ бешинчи дақиқа. Яшириниб олгим келаяпди. Майли, алвидо, ман билан бу ғаму-қайғуларни бирга кечирган холалар. Ман сизлар ҳақларингда ёмон ҳаёлларга борган эканман, кечиринглар. Энди тушундим. Аммо ўлгим келмаяпти. Ман ҳали жудаям ёшман. Охирги машқларда ўлиб қолмасликка ҳаракат қиламан. Аммо, тренер ҳолам “уч” деганда узилиб тушмасам бўлди. Кечиринглар мани ҳаммаси учун.

Эллигинчи дақиқа. Қайсидир барака топгур мани бутун спорт зал буйича йиғиб-териб, деворнинг ёнига олиб бориб қўйди. Машқлар тугади. Икки кундан кейин яна келишимиз керак. Лекин ман ҳеч қаерга кетмайман. Яхшиси, мани шу зални ўртасига кўмиб қўйинглар. Кейин тепамга “Машқларнинг охирги 50-дақиқасигача туриб берди, аммо қаҳрамонларча...” деб ёзиб қўйинглар. Янги келганлар кўрсин шуни.

Алло, эр? Келиб мани қолдиқларимни олиб кетинг. Ўзим? Йўқ, ўзим боромийман. Фақат агар тез ёрдам жўнатсангиз, замбили билан.

Тонг. Вой-дод! Кеча манга жудаям яхши бўлган экан. Энг ёмони энди бошланди! Мани кеча бетон аралаштирадиган машинада айлантиришган бўлса керак. Йўқ, аввал гўшт қиймалагичдан ўтқазишган. Кейин болға билан уришган. Танамда фақат кўзларим оғриқсиз ҳаракат қила оляпти. Мани васиятимни олиб келинглар. Бошқатдан ёзай, кимга мол-мулкимни қолдирмоқчилигимни? Севимли овсинимга ўша залнинг барча машқларига қатнашиши учун пулини тўлаб қўяй. Эр! Кеча сиз мани гўзал ва навқирон кўргандингиз. Кечаги ҳолатимни эслаб қолинг. Бугун манга умуман қиё боқманг. Ўзи ҳамма айб сизда! Нимага? Чунки ҳозир туриб устимни кийиб бошлаганимдаёқ ўлиб қоламан, уволимга қоласиз-а!

[мессаге тйпе="инфо" титле="Инфо"]Мазкур мақола аёл.уз сайтида 2008 йил 25 Май куни чоп этилган эди.[/мессаге]