Тошкент шаҳрида «Йил аёли – 2017» миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Йил аёли» танловининг ҳудудий босқичларида комиссиялар томонидан 5,5 мингдан ортиқ аёлнинг фаолияти ўрганилди. Мамлакат босқичида 140 номзод қатнашди.
Ҳайъат «Фарғона Роза-ал» корхонаси ва «Ибратли Бекам» нодавлат таълим муассасаси раҳбари Шаҳноза Ғаниевани танлов ғолиблигига муносиб кўрди.
—Танловнинг олий ўрин совриндорига лойиқ топилганимдан беҳад хурсандман. «Ибратли Бекам» нодавлат таълим муассасасига етакчилик қилиб, хотин-қизларимизни ҳунар эгаси бўлишга кўмак бермоқдамиз. Хусусий корхонамиз фаолияти эса бу ерда таълим олган қизларни иш билан таъминлашда қўл келмоқда, — дейди Шаҳноза Ғаниева.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўқитувчиси, педагогика фанлари доктори Зуҳра Солиева биринчи ўринга лойиқ, деб топилди.
Иккинчи ўрин «Тахиатош ИЭС» корхонаси офис менежери Гулсара Жаллибековага, учинчи ўрин Сурхондарё вилояти Бойсун тумани миллий ҳунармандлик маркази директори Ҳанифа Салимовага насиб этди.