Бой шоколадли таъмга эга ушбу торт жуда тез тайёр бўлади. Унга пазанда блогер Андрей Рудковнинг рецепти асос қилиб олинди.
Зарур масаллиқлар:
- 255 г ун
- 1,5 чой қошиғида ош содаси
- 1 чой қошиқ туз
- 55 г какао
- 290 г шакар
- 2 та тухум
- 280 мл сут
- 1,5 г ванилин
- 60 г ўсимлик ёғи
- 60 г маргарин
- 1 ош қошиғида сирка
кремига:
- 200 г қаймоқ
- 0,5 стакан шакар
Тайёрланиши:
Қуруқ масаллиқларни: какао, ун, ош содаси, туз, ванилин ва шакарни битта идишга солиб, аралаштирамиз.
Алоҳида идишга тухум, юмшаган маргарин, ўсимлик ёғи, сутни солиб, ўзаро аралаштирамиз.
Сўнг ушбу аралашмаси қуруқ масаллиқлар аралашмасига қўшамиз. Миксер ёки блендер ёрдамида силлиқ хамир пайдо бўлгунича яхшилаб аралаштирамиз.
Охирида сиркани қўшиб юборамиз. Формани ёғлаб, хамирни соламиз ва 175 даражагача қизиган духовкада 50—60 дақиқа давомида пиширамиз. Пирог тайёр бўлган-бўлмаганини гугурт чўпи ёрдамида текшириб кўриш мумкин (пишган бўлса, чўп қуруқ бўлиб чиқади, хамир илашмайди).
Энди кремни тайёрлаб оламиз. Бунинг учун 200 г қаймоқни 0,5 стакан шакар билан миксер ёрдамида кўпиртирамиз.
Умуман олганда, ўзингиз хоҳлаган кремдан фойдаланишингиз мумкин. Яна бир вариант қайнатиб қуюлтирилган сут (варёное сгущенное молоко)ни маргарин билан аралаштириш.
Пирог тайёр бўлгач, духовкадан оламиз ва бироз совигач, ўткир пичоқ билан кўндалангига тенг иккига бўламиз. Ўртасига ва устига кремдан сурамиз. Дидингизга қараб бошқа безаклардан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Мен крем устидан қирғичдан чиқарилган шоколад сепдим.
Торт тайёр. Ёқимли иштаҳа!