Нега уйни доим йиғиштириш керак? Хонадоннинг битмаган таъмири сизга қандай таъсир кўрсатади? Дам олиш кунлари нималарни қилмаслик керак? Руҳшунослар инсоннинг қувватини сўриб оладиган нарсалар рўйхатини тузишди ва улар билан курашиш усулларини ишлаб чиқишди. Қуйида улар билан таништирамиз. Мутахассис руҳшунос — Гўзал РЎЗМАТОВА.
1. Ўтмишни ҳадеб мушоҳада қилавериш, ўтган ишларни ўйлайвериш (ўшанда мана бундай қилсам, ундай бўлмасди ва ҳ.к.)
Нима қилмоқ керак? Ўтган ишга салавот. Ўтмиш фақат бизга берган тажрибаси нуқтаи назаридан қадрли, бошқаси бекор. Хулоса чиқаринг-у, тафсилотларни унутинг. Бу хулосалар келажагингиз сценарийсини ёзишда қўл келади. Аммо ўтмиш хотиралари ҳаётингизнинг кўп қисмини эгаллаб олса, суткасига 24 соат фақат уни ўйлайверсангиз, келажак ҳақида ўйлашга вақт қолмайди. Шу сабабли ўтмишни ёд этишда меъёрни унутманг.
2. Уйдаги бетартиблик
Нима қилмоқ керак? Аввало, ҳамма ишни зиммангизга ортиб олманг: фарзандлар дўкондан нон олиб келишлари, турмуш ўртоғинги бозор қилиши мумкин. Қизларингиз бўлса, 6–7 ёшдан идишларни йиғиштириш ва ювишни ўргатсангиз бўлади. Уйни тозалаш учун бирон кунни белгиланг, оила аъзоларига вазифаларни тақсимлаб беринг, шунда ҳар ким ўзига тушадиган юкламани билади, аввалдан шунга руҳан тайёр бўлади ва ўша куни тонгданоқ ҳамма сафарбарлик кайфиятида уйғонади. Яна бир йўли: ҳар куни оз-оздан уйни тозалаб боринг, масалан, бир кун ваннахона, бир кун ҳожатхона, яна бир кун ошхона... Дам олиш куни бир сидра чангюткичда хоналарни айланиб чиқасиз, тамом. Бир ҳафта давомида уй тозалаш керак деган юк елкангизни босиб ётмайди. Уй йиғиштиришнинг психологик фойдаси бор. Бир пасда тартибга келган хонадонингизни кўриб ҳаракат қилсангиз ишингизда, туйғуларингизда, умуман, бутун ҳаётингизда шундай тартибга эришишингиз мумкинлигини ҳис этасиз.
3. Ҳаётда қизиққан машғулотингиз, яхши кўрган ишингиз йўқлиги
Нима қилмоқ керак? Бирон қизиқарли машғулот билан шуғулланишга нуқул вақт йўқ деймиз, ё ҳаммасини дам олиш кунларига тақаймиз. Аслида, бегим кунлари, боринг ана, ўша оғир душанбада ҳам ишдан бўш пайтда бирон севимли машғулот билан шуғулланиш мумкин. Шундай қилиб, ҳаётингизга ранг қўшасиз, уни ёрқинроқ, тотлироқ қиласиз. Дугоналарингиз билан кафега боринг, шунчаки сайр қилинг, ўзингизга нимадир сотиб олинг ва ҳоказо. Уй–иш–уй йўналиши бўйича қатнашни бас қилинг, сиз трамвай эмассиз!
4. Алам, ғазабланиш
Нима қилмоқ керак? Бу туйғуларни енга билиш керак. Балки руҳшуносга борарсиз, опа-синглингиз ё яқин дугонангиздан ёрдам сўрарсиз, ғазабни енгишда уларнинг тажрибасини ўрганиб, қўллаб кўрарсиз. Муаммони қўйиб юборсак, у ҳақида ўйлашни бас қилсак, енгил тортамиз. Муаммонинг ўзи ҳам аввалги ўткирлигини йўқотади. Келажакни аниқроқ кўра бошлаймиз, умидлар уйғонади.
5. Охирига етказилмаган ишлар
Нима қилмоқ керак? Ҳаммасини уч гуруҳга тақсимланг: «жуда муҳим» – буларни яқин кунлар, соатларда амалга оширишингиз керак; «муҳим» – буларни маълум муддатга кечиктириш мумкин; «муҳим эмас» – уларни келажакда амалга оширасиз, ҳозир бунга вақтингиз йўқ. Навбат билан аввал жуда муҳим, кейин муҳим ва ниҳоят муҳим бўлмаган юмушларни бажариб бораверинг. Кераксиз ишларни умуман рўйхатга киритманг, айнан ўшалар кўп қувватингизни олиб қўяди. Манфаатингизга тўғри келмайдиган илтимосларга йўқ дейишни ўрганинг, юз-хотир қилиш доим ҳам фойдали эмас.
6. Собиқларнинг совғалари, у билан тушган суратларингиз...
Нима қилмоқ керак? Уларнинг барини кўздан йўқотинг. Никоҳ суратлари, никоҳ узуги ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларга қараганда кўнглингиз бузилаверса, бу қувватингизни сўриб олади.
7. Охиригача таъмирланмаган хонадон, оқиб турган жўмрак, дарз кетган ойна, узилиб тушган эшик тутқичи, бузилган техника
Нима қилмоқ керак? Бузилган техника худди зирапчага ўхшайди. Ўзича оғримайди-ю, тегиб кетсангиз, безовта қила бошлайди. Якунланмаган таъмир ҳам шундай. Олайлик, эшик тутқичи бўшашиб, қимирлаб қолди. Ушласангиз узилиб тушади, сиз уни жойига қайта илиб қўясиз. Ҳар сафар шундай бўлганда асабингиз бузилаверади. Бу эса қувват сарфланишига олиб келади. Шу сабабли маиший муаммоларни юзага келиши биланоқ ҳал этиб боринг. Уйни таъмирлаётганда иложи борича чўзмасликка ҳаракат қилинг. Асосийси, ишни охирига етказиш.
8. Қилган ишим учун муносиб ҳақ олмаяпман, деган фикр
Нима қилмоқ керак? Пул – белнинг қуввати. Ҳар қандай инсон бирон ишга бор билими, куч-қуввати ва малакасини сарф қилса, ундан муносиб фойда кўрса, ўзини бахтиёр ҳис этади. Агар бераётганларингиз олаётганларингиздан кўп бўлса, ўйлаб кўринг. Балки раҳбарият билан гаплашарсиз ёки умуман ишингизни ўзгартиришингиз керакдир.
9. Уйқу ва ҳаракат озлиги
Нима қилмоқ керак? Анчадан бери спорт залига бормоқчисизу, аммо ҳеч буни амалга ошира олмаяпсизми? Демак, иродангизни жамлаб буни, албатта, қиладиган вақтингиз келди. Уйқу ҳам муҳим, унинг етишмаслиги кун бўйи сарфланган қувватингиз ўрни тўлмаслигига ва мунтазам чарчоққа олиб келади.
10. Атрофдагилар...
Нима қилмоқ керак? Одатда, ҳаётдан нолийверадиган одамлар қувватингизни олиб қўйишади. Сиз мендан маслаҳат сўраяпти деган ўйда унга маслаҳат берасиз, амал қилишини ва ҳаётини ўзгартиришини кутасиз. Аммо бундай бўлмайди. Натижада, ёрдамим беҳуда кетди дея кайфиятингиз тушади. Дўстингиз (ҳамкасбингиз)нинг муаммоларини узоқ тингламанг. Иложи борича, гапни бошқа мавзуга буришга ҳаракат қилинг.
11. Қарзлар
Нима қилмоқ керак? Қарзга ботмаслик учун ҳамёнга қараб иш қилиш керак. Албатта, ҳозир банклар уй олишдан тортиб кичкина маиший техникагача кредит таклиф қиляпти. Уларга рад жавобини бериш доим ҳам қўлимиздан келавермайди, ахир, шу кредитни олсангиз, истаган нарсангизга бугуноқ, ҳозироқ эришишингиз мумкин-да. Лекин бунда ҳам молиявий имкониятларингизни эътибордан қочирманг. Борди-ю, жуда зарур нарса учун қарз олдингиз. Масалан, уй учун ипотека кредити. ҲІеч сиқилманг, шунчаки даромадларингиздан бир қисмини ойда шу тўлов учун ажратиб қўйинг, худди коммунал тўловлар каби. Кредитни тўлай олмасам-чи, деб қўрқманг, банкдагиларки тўлай олишингизга ишониб уни сизга беришибдими, демак, сиз ҳам ўзингизга ишонишингиз керак.
12. Эски кийимлар, яроқсиз пойабзал
Нима қилмоқ керак? Албатта, янги кийимлар сотиб олиш керак. Чунки эски кийимларнинг ўзи эмас, уларга боғлиқ таассуротлар, ҳислар бизни чарчатади. Ҳар бир либос ҳаётингиздаги маълум даврни ўзида муҳрлаган: масалан манави кўйлакни яхшироғига пулингиз етмагани учун сотиб олгансиз, анави ноқулай этик туфайли эса оёғингизда қадоқлар пайдо бўлган. Энди уларни кийгингиз йўқ. Шундай экан, сақлаб нима қиласиз? Кийим ва пойабзал бизни хафа қилмаслиги, аксинча, қувонтириши керак.
13. Дарз кетган идиш, тешик челак, қийшиқ қошиқ...
Нима қилмоқ керак? Дарз кетган ё чети учган идишда овқат емаслик керак дейишади катталар. Бу гапда жон бор. Тиббиёт нуқтаи назаридан идишнинг дарзи ва учган жойи доимий микроблар йиғиладиган жой. Уларни ташлаб юборинг ва ачинманг. Ўнта чети учган косадан битта яхшиси аъло.
14. Оилали эркак билан муносабатлар
Нима қилмоқ керак? У бахтсиз, мен бахтсиз, бир-биримизга бахт беряпмиз, бунинг нимаси ёмон, деган фикр билан ўзингизни овутманг. Бировнинг нарсасига тегмаслик керак, тамом-вассалом!
15. Телевизор ё мониторга тикилиб, телефонда гаплашиб овқатланиш
Нима қилмоқ керак? Нимани еяётганимиз ҳам, қай тарзда еяётганимиз ҳам бирдек муҳим. Агар йўл-йўлакай ёки телевизор қаршисида таомни тиззангизга қўйиб ейдиган бўлсангиз, ҳаёт лаззатларидан бири – таъм лаззатини эътиборсиз қолдираяпсиз. Демак, ҳаётдаги бошқа қувончларни ҳам худди шундай ҳис этмаётган бўлишингиз мумкин. Одатларингизни ўзгартиринг.
ШАҲИНА тайёрлади
Манба: Darakchi.uz