«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари ёшлар ўртасида сўровнома ўтказди.
Сўровномада 14 ёшдан 29 ёшгача бўлган мингдан зиёд йигит қизлар қамраб олинди. Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, айни чоғда ёшлар учун таълим, айниқса, олий таълимнинг ижтимоий аҳамияти ўсиб бормоқда.
Агар 2010—2011 йилларда ёшларнинг фақат учдан бир қисми олий маълумот олишни хоҳлаган бўлса, 2017 йилга келиб, 76,5 фоиз йигит-қиз олий ўқув юрти талабаси бўлиш энг катта орзуси эканини билдирди.
Респондентлар қизиқиши касбий нуқтаи назардан ўрганилганида, улар педагогик (18,6 фоиз), тиббиёт (9 фоиз) йўналишларида, шунингдек, молия соҳасида олий маълумот олишни афзал кўради. Сўралганларнинг 4,6 фоизи ахборот технологиялари соҳасида малакали мутахассис бўлишни истайди. Ёшлар техника соҳасига у қадар қизиқиш билдирмаган.
Сўровда аён бўлишича, ёшларнинг иш билан бандлик даражаси маълумотга узвий боғлиқ. Масалан, меҳнат билан банд олий маълумотли ёшлар сўралганларнинг 71,7 фоизини ташкил этди. Респондентларнинг фақат 53,5 фоизи ўз мутахассислиги бўйича ишлаётганини кўрсатди.
Хорижда вақтинча ишлаш истаги респондентларнинг 18,2 фоизига хосдир. Сурхондарё ва Тошкент (31,2 фоиз) вилоятлари ёшларида ишлаб, даромад топиш учун чет элга кетиш хоҳиши анча юқори.
Шунингдек, иштирокчилар турли диний экстремистик гуруҳларга нисбатан ҳам ўзларининг қатъий ёндашувини ифода этди.
Сўралганларнинг 76,6 фоизи уларни ислом шиори остида ҳокимиятга интилувчи кучлар деса, 72,1 фоизи ёшларни халқимиз руҳиятига ёт бўлган ғоялар билан заҳарлашни истайдиган Ўзбекистон душманлари, 56,6 фоизи қуролли газандалар сифатида кўради.