Саломатлик

Соч тўкилишига қарши курашамиз

Тароқ, ёстиқ ва кийимларингизда жуда кўп сочларингиз қолаётганини пайқаяпсизми? Кокилларингиз саломатлигига эътибор қаратинг ва чоралар кўришни бошланг. Статистикага кўра, 25 ёшдан ошган аёлларнинг 80 фоизга яқини сочи кўп тушаётганидан хавотир билдиради, шунингдек, турмаклаш вақтида сочи етарлича шишиб турмаслигидан шикоят қилади. Сочнинг ёмон ҳолатда бўлиши ҳам ташқи, ҳам ички омилларга боғлиқ бўлиши мумкин. Мақолада уларнинг барчаси билан танишиб чиқишингиз ва тегишли чоралардан хабардор бўлишингиз мумкин.

1-сабаб: гормонал фоннинг ўзгариши

Аёлларда сочнинг жуда кўп тушишига эркакларнинг жинсий гормони — тестостерон ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши сабаб бўлади. Одатда бу жинсий ҳаётнинг бошланиши, ҳомиладорликдан кейинги давр ва менопауза билан боғлиқ бўлиши мумкин. Шунингдек, тухумдонлар поликистози, буйрак касалликлари, қандли диабет ва эндокрин тизими фаолиятининг бузилиши ҳам соч тўкилишини келтириб чиқариши мумкин.

Нима қилиш керак?

Шифокорга мурожаат қилиб, биокимё ва гормонлар учун венадан қон топширинг. Гормонал мувозанатнинг бузилишида шифокор гормонлар ўрнини босувчи терапия буюради. Даволаш тўғри танланган бўлса, икки-уч ҳафтадан сўнг соч тўкилиши билан боғлиқ муаммолар тўхтайди.

2-сабаб: организмда темир етишмаслиги

Бундан барча аёллар ҳайз вақтида азоб чекади. Темир танқислигига, шунингдек, кўплаб урф бўлган парҳезлар ҳам олиб келади. Рангсиз тери, камқонлик, лоҳаслик, серуйқулик, иш қобилиятининг пасайиши — организмда темир етишмаслигининг белгилари.

Нима қилиш керак?

Витаминлар курсини қабул қилинг ва рационингизга темир моддасини сақловчи маҳсулотларни кўпроқ киритинг, булар жигар, гўшт, балиқ, арпа ва сўли ёрмасидан бўтқалар, тухум сариғи, қора нон, ловия, янги сиқилган шарбатлар, карам ва пиширилган олма.

3-сабаб: стресс

Ҳар куни организмни асабий зўриқишларга дучор қилишимиз, тўйиб ухламаслигимиз, етарлича овқат емаслигимиз сочларимиз саломатлигига салбий таъсир ўтказади. Доимий равишда асабийлашиш натижасида бошдаги томирлар тораяди, оқибатда бош оғриғи ва соч тўкилиши келиб чиқади.

Нима қилиш керак?

Ташвишланишни камайтиринг. Баъзан барчасини ўз оқимига ташлаб, қулай фурсатни пойлаш йўлини тутган маъқул, шунда қарабсизки, нохушликлар ўз-ўзидан бартараф бўлади.

Таранг асабларни тезда тинчлантириш йўли бор, бунинг учун кўзларингизни юмиб, барча мушакларингизни бўшаштиринг, кўрсаткич бармоғингизни устки лаб тепасидаги чуқурчага олиб боринг ва соат милига қарама-қарши йўналишда 15—20 марта массаж қилинг.

4-сабаб: кимёвий омиллар

Ноқулай экологик муҳит соч билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради. Узоқ вақт дори (антибиотиклар, бета-блокаторлар, антидепрессантлар ва сийдик ҳайдовчи воситалар) қабул қилиш ҳам соч илдизи ривожланишига салбий таъсир қилади.

Нима қилиш керак?

Ўзингиз ичаётган дориларни қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатларни ўқиб кўринг. Агар аннотацияда соч тўкилиши кўрсатилган бўлса, шифокор билан маслаҳатлашиб, ушбу дорининг ўрнини босадиган бошқа воситани қидириб кўринг.

5-сабаб: туғуруқдан кейинги соч тўкилиши

Туққан аёлларнинг 80 фоизи ушбу муаммо билан таниш. Ҳомиладорлик чоғида аёллик гормонлари кўпайиши туфайли, соч жуда яхши ўсади ва анча қалинлашиб қолади. Туғуруқдан сўнг эса эмизикли она шиддатли соч тўкилишига дуч келади, у баъзан 8—9 ой ҳам давом этиши мумкин.

Нима қилиш керак?

Туғуруқдан кейинги соч тўкилиши сурункали шаклга ўтиб қолмаслиги учун махсус витамин комплексларини қабул қилиш керак. Уларни сизга шифокорнинг ўзи тавсия қилади.

6-сабаб: бошдан кечирилган инфексиялар

Сурункали соч тўкилиши узоқ давом этган инфекцияли касалликлар оқибатида келиб чиқиши мумкин, улар организмни заифлаштиради ва иммунитетни емиради. Бундай касалликларга, масалан, қизилча, гриппнинг оғир шакллари, таносил касалликлари киради. Канадалик олимлар эса сочнинг тўп-тўп бўлиб тушишига тиш ва милкларнинг инфекцион касалликлари сабаб бўлишини аниқлади. Бош терисининг зарар кўрган қисмлари кўпинча оғиз бўшлиғидаги яллиғланган майдон билан битта чизиқда бўлади.

Нима қилиш керак?

Сочларни эмас, касалликни даволаш керак. Асосий касаллик бартараф этилгач, сочга ҳам аввалги қалинлик қайтади. Даволаниш вақтида яхши овқатланиш, маъданли сув ва янги сиқилган шарбатлар ичиш, тоза ҳавога тез-тез чиқиб туриш муҳим.

7-сабаб: механик омиллар

Сочларни қандай парвариш қилишга кўп нарса боғлиқ. Бошни ҳаддан ташқари кўп ювиш, қаттиқ шампунь, бўёқ, кимёвий жингалак қилиш, бигуди, фен, плойка, “дазмол”дан фойдаланиш сочга салбий таъсир қилади. Табиатан  сийрак сочлар, биринчи навбатда, хавфга дучор бўлади.

Нима қилиш керак?

Ҳамма нарса меъёрида бўлгани яхши. Бўялган сочлар учун махсус шампунь, бальзам ва ниқоблар танлаб олинг. Ҳўл сочларни тарашга шошилманг. Бош ювилгач, теридаги тешикчалар кенгайиб қолади ва улардан сочнинг чиқиб кетиши осонроқ бўлади. Бигудини ҳафтасига 1—2 мартадан кўп ишлатманг. Сочларни салқин ҳаво чиқарувчи фенда қуритган маъқул. Қуритишдан аввал сочга термоэффектга эга восита суринг, у ҳар бир соч толасини ҳимоя қатлами билан ўрайди, шу тариқа соч камроқ шикаст кўради.

Мақолани тайёрлашда “Woman.ru” портали маълумотларидан фойдаланилди.

Бундан ташқари, сочларни тўғри парваришлаш усуллари билан алоҳида мақолада танишишингиз мумкин.