Саломатлик

Сочларни тўғри парваришлаш усуллари

Соч — аёллар гўзаллигининг ажралмас қисмидир. Баъзиларнинг сочлари табиатан соғлом ва кўркам бўлса, баъзилар бунга эришиш учун сочларини мунтазам равишда парваришлаб туришига тўғри келади. Бироқ шуни ҳам тан олиш керакки, энг гўзал сочлар ҳам етарлича эътибор қаратилмаса, хира ва нурсиз кўриниб қолади.

Муаммони ҳал қилиш учун энг осон йўл — гўзаллик салонига мурожаат қилиш мумкин, аммо буни уй шароитида амалга ошириб, янада кўпроқ самарага ҳам эришиш мумкин.

Сочларни ювиш

Сочларни парваришлашнинг энг оддий усули — уларни ювиш, бироқ бу сиз ўйлаганчалик оддий жараён эмас. Зарур бўлган натижага эришиш учун, авваламбор, сочингиз турига қараб тўғри шампунни танлай билиш лозим.

Ювиб бўлгандан сўнг, сочга кондитсионер ёки балзам суринг, бу сочларнинг яхши таралиб, силлиқ кўринишини таъминлайди. Ёдда тутинг, ушбу воситаларни сочнинг ўрта қисмидан бошлаб суринг; илдизидан сурсангиз, сочлар ёғли бўлиб қолади.

Бошни ювишда иссиқ сув ишлатманг, бу кейинроқ сочларнинг ёмонлашиб, тўкилиб кетишига олиб келиши мумкин. Сочларни илиққина сувда ювган маъқул, охирида эса совуқ сувга бир чайиб олинг.

Сочларни қуритиш

Сочни табиий усулда қуритиш энг мақбулидир. Ҳаётингизни фенсиз тасаввур эта олмасангиз, унда иссиқ ҳавони совуғига алмаштиринг. Фендаги бундай режим сочларга камроқ шикаст етказади.

Бундан ташқари, қиздириб тақиладиган бигуди, плойка, соч текислагичлардан иложи борича камроқ фойдаланишга ҳаракат қилинг. Уларни ишлатиш чоғида сочларингизга иссиқликдан ҳимоя қилувчи спрей сепишни унутманг.

Сочни тараш

2

Сочларни парваришлашда тўғри тароқ танлай билиш муҳим омилдир. Бош терисига зарар етказмаслиги ва сочларни зарядламаслиги учун металл тароқдан фойдаланиш керак эмас. Энг яхшиси ёғоч ёки пластмасса тароқдир.

Сочларни тарашни учидан бошлаш ва аста-секинлик билан илдизигача олиб бориш лозим. Сочлар чувалашиб қолган бўлса, уни қўлда очиб, сўнг тарашда давом этиш лозим. Ёдда тутинг, сочларни ҳўллигида тараш мумкин эмас, акс ҳолда улар қаттиқ чўзилиб кетади, натижада соч тузилиши бузилиб, қопламаси кўчади ва сочлар тўкила бошлайди.

Соч учини текислаб туриш

Кийимга ишқаланиш, тараш ва иқлим шароитларидан энг кўп сочлар учи зарар кўриши туфайли, уларни вақти-вақти билан кесиб туриш зарур.

Сочларни ҳимоялаш

Кўчага чиққан вақтда, айниқса шамолли ҳавода сочларни кокил қилиб ўриш ёки резинка билан йиғиштириб қўйиш лозим. Бундан ташқари, сочларни қишда совуқдан, ёзда жазирамадан ҳимоя қилиш учун бош кийими кийиб юриш зарур.

Тўғри овқатланиш

Сочлар соғлом бўлишида тўғри овқатланишнинг ўрни алоҳида. Овқатланиш ратсионингизга албатта асосий озуқа гуруҳлари элементларини киритинг, булар — дуккаклилар, донлар, қатиқ маҳсулотлари, гўшт, балиқ, шарбатлар ҳамда мева ва сабзавотлар. Ширинликлар, қовурилган ва аччиқ таомларни камроқ истеъмол қилинг, алкогол ва чекишдан воз кечинг. Ва албатта зарур миқдорда тоза сув ичиб туринг.

Соч учун ниқоблар

3

Уй шароитида қўллаш мумкин бўлган ниқобларнинг тури кўп. Уларнинг энг оддий ва самаралиларидан бири қатиқдир. Қатиқни сал иситиб, сочларингизга суринг ва 40 дақиқа ушлаб туринг. Сўнг бошингизни ҳар доимгидек шампун билан ювиб ташланг. Бундай усул сочни мулойим қилиб, уни озиқлантиради ва намлантиради.

Яна бир оммабоп ниқоб асаллидир. Ундаги минерал ва витаминлар сочнинг тўкилиши олдини олиб, қазғоқдан қутулишда ҳам асқотади.