Тошкент шаҳри яна бир нуфузли мусобақага мезбонлик қилмоқда. Бугун, 24 сентябрь куни теннис бўйича аёллар ўртасида соврин жамғармаси 250 000 АҚШ доллари бўлган WTA турнирининг асосий давраси бошланди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
Мусобақанинг асосий тўрида 32 нафар спортчи ғолиблик учун кураш олиб боради. Ўзбекистонлик теннисчилардан яккалик баҳсларида Сабина Шарипова ва Нигина Абдураимовалар ўз омадини синаб кўради. Қуръа натижаларига кўра, Сабина мусобақани россиялик Маргарита Гаспарянга қарши бошласа, Нигина Абдураимова германиялик Мона Бартелга қарши кортга чиқади.
Турнирнинг биринчи ракеткаси сифатида руминиялик Ирина-Камила Бегу иштирок этади. Иккинчи рақам остида эса Беларусь вакили Вера Лапко сараланган.
Жуфтлик баҳсларида Нигина Абдураимова россиялик Анна Калинская билан, Оқгул Омонмуродова эса канадалик Эжени Бушар билан бирга иштирок этади.
Баҳслар 29 сентябрга қадар давом этади.