Биласизми?

Сув иситкич танлаймиз!

Бу мақолани шу кунларда сув иситкич харид қилишга чоғланган муштарийларимизнинг талабларига биноан тайёрладик. Гарчи сизнинг бундай ниятингиз бўлмаса ҳам маълумотларимизни эътиборсиз қолдирмайсиз деган умиддамиз. Ахир, бугун бўлмаса эртага улар сизга ҳам асқотиши мумкин-да!

Қай бири афзал?

Одатда сув иситкичлар иккига: газ ва электр токи билан (ТЭН) ишлайдиган турларга ажратилади. Элекетр токи билан ишлайдиган турлари ҳам иккига: сув йиғувчи (бойлер) ва оқар сувни иситиб берувчига бўлинади. Хўш, улардан қай бири кимга мос?

Табиий газ билан ишлайдиган сув иситгичлар анчайин тежамкорлиги билан кўпчиликка маъқул келган. Фақат уни харид қилишингиздан аввал, албатта, мутасадди ташкилотлардан рухсатнома олиш кераклигини эслатиб ўтамиз.

Ускунанинг ҳажмига келадиган бўлсак, бу ҳам индивидуал масала. Кимгадир каттароғи зарур бўлса, бошқаларга кичиги керак. Биз эса кўпчилик харидорлар қулай деб топган сувни йиғиб иситувчи мосламага тўхталамиз. Бундай сув иситкичларнинг ҳам вертикал, ҳам горизонтал кўринишдагилари мавжуд. Улардан қай бирини танлашни эса интерьерингиздан келиб чиққан ҳолда ҳал қиласиз. Одатда, бойлерларнинг сиғими 10 литрдан 200 литргача бўлади. Харид чоғида иситкичнинг ички қопламаси қандай хомашёдан тайёрланганига ҳам алоҳида эътибор қаратинг. Ички қоплама одатда сопол, эмаль, титанли эмаль ва зангламайдиган темирдан ишланган бўлади. Зангламайдиган темирдан ишлангани узоқроқ хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Кўнглингиз оқиб турган сувни иситиш учун мўлжалланган мосламага чопаётган бўлса, электр энергиясини кўпроқ сарфлашини инобатга олиб қўйинг. Улар ошхона учун чиндан ҳам қулай. Бироқ чўмилиш, ёки шу каби эҳтиёжларингизга кўпам ярайвермайди. Ускунанинг табиий газ ёрдамида ишлайдиган тури эса тежамкорлиги билан ажралиб туради. Яъни кун бўйи газни ёқиб қўйиш шартмас. Фақат икки донагина батарея харид қилсангиз бўлгани. Зарурат бўлганидагина фойдаланаверасиз.

Энг муҳими ҳисоб - китоб

Ускунани харид қилиш чоғида ҳисоб китобни аниқ қилмасангиз афсусланиб қолишингиз мумкин. Шу ишда адашсангиз ё иссиқ сувни етказолмай ҳалак бўласиз, ёки сувингиз ва электр энергиясини исроф қилганингиз қолади. Мутахассисларнинг таъкидлашларича идиш ювиш учун ўртача 20-30 л., душ қабул қилиш учун 50-90 л., шунчаки ювиниш учун 6-10 литр иссиқ сув керак бўларкан. Демак, чўмилиш учун 4 кишилик оилага ўртача 80 литрли бойлер мос келади. Бундан ташқари харид чоғида иситкич ёрлиғида “IP 24 ёки 25” деган ёзувлар борлигига ҳам диққат қилинг. Юқоридаги ёзув иситкичда ёт жисмлар йўқлиги ва сув томчиларининг тушишидан ҳимояланганлигини англатади.

Тежашни ўрганамиз

Кўпчилик ташқарига чиқишдан аввал иситкични элеткр токидан суғуриш керак деб ҳисоблайди. Аслида бундай қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Чунки мослама сувни иситиб бўлгач ўз-ўзидан “уйқу” режимига ўтади. Бунда сувнинг ҳарорати бир меъёрда туриши таъминланади. Агар токдан узиб қўйсангиз, кейинчалик бакдаги ҳамма сувни қайтада иситади ва элеткр энергиясини кўпроқ сарфлайди.

Мафтуна тайёрлади

Манба: «Sug'diyona» газетаси