Тарвузсиз ёз ўтмайди. У чанқоқни қондиради ва ҳатто совитилган ҳолда ҳар қандай музқаймоқнинг ўрнини босади. Катталар ҳам, кичиклар ҳам тарвузни истеъмол қилишни яхши кўради, бироқ уни харид қилишда нималарга эътибор беришни ҳамма ҳам билмаслиги мумкин.
Демак, бозорда тарвуз танлаш вақтида қуйидагиларга диққат қаратинг:
- тарвуз катта бўлсин, бироқ оғир бўлмасин;
- сиқиб кўрганда қарсиллаши керак;
- чертиб кўрганда бўғиқ ва жарангсиз овоз чиқариши керак;
- тилинган ва ёрилган жойлари бўлмасин;
- тарвузнинг банди қуруқ бўлсин;
- ёнбошида ўртача катталикдаги сариқ доғ бўлиши керак, ушбу доғ оқ бўлмаслиги зарур;
- тарвузнинг устки қавати ялтироқ бўлиши, жилосиз ва хира бўлмаслиги лозим;
- устидаги йўл-йўл чизиқ аниқ-тиниқ кўриниб туриши керак;
- етилган тарвузнинг пўсти осонгина тирналади — тирноғингиз ёрдамида пўстлоқнинг устки қаватини шилиб олиш мумкин;
- тарвуз сув тўлдирилган идишга солинганида, юзага қалқиб чиқса — пишган, чўкиб кетса — хом бўлади.
Бундан ташқари, тарвуз қандай жойда сотилаётганини ҳам эътиборга олиш зарур. Чунончи, савдо нуқтаси айвонли бўлиши, тарвузлар соябон билан қуёшдан тўсилган бўлиши лозим. Тарвузлар ердан камида 20 сантиметр баландликдаги махсус таглик устига жойланган бўлиши керак.
Сотувчидан санитария-эпидемиология назорати марказининг гувоҳномасини сўраш ҳам ёдингиздан кўтарилмасин.
Тарвузни истеъмол қилишдан олдин эса уни чўтка билан яхшилаб ювиб, сочиқ билан артиб қуритинг.
Мақолани тайёрлашда “Хитрости жизни” нашри маълумотларидан фойдаланилди.