Биласизми?

Терини қуёшдан сақлаш қоидалари

Қуёш нурлари терини вақтидан олдин қаритиб юборади. Доғлар, оқ папилома ўсимталари, ажин каби салбий ҳолатлар пайдо бўлишининг сабабчиларидан бири - қуёш нурларидир. Ёз кунларида мажбурий равишда қуёшга қарши кремлардан фойдаланиш зарур. Ундан ташқари терини қуёшдан сақлашнинг 5 асосий қоидаси мавжуд:

1. Қуёш нурлари остида имкон борича камроқ бўлиш керак. Соат 11:00 дан 16:00 га қадар кўчага умуман чиқмаслик тавсия этилади. Айнан шу давр қуёш нурларининг организм ва терига энг салбий таъсир кўрсатадиган пайтидир.

2. Тери куйишидан эҳтиёт бўлиш керак. Мободо куйиб қолса, намлатувчи крем суриш ёки череда дамламаси билан чайиниш тавсия этилади.

3. Кўз ости тери юз терисига нисбатан 6 баробар нозикроқ бўлади. Шунинг учун кўз атрофи терисини биринчи навбатда ҳимоя қилиш зарур. Бунинг учун ойнаси кўз атрофини бекита оладиган қуёшга қарши кўзойнак тақиш ва кўз атрофи терисини намлатувчи кремлардан фойдаланиш керак.

4. Қуёш нурлари тик тушадиган жойларда, хусусан пляжда, бош кийим ҳақида унутмаслик керак. Биринчидан, соябонлари катта енгил бош кийими организмни иссиқ уришидан сақлайди, иккинчидан, юз терисига қўшимча ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилади.

Қуёш нурларидан сақланиш воситаларидан яна бири - соябондир (зонтик). Ҳозирги кунда сотувда айнан қуёшнинг ултрафиолет нурларидан ҳимоя қилувчи махсус соябонлар мавжуд.

5. Ниҳоят, энг муҳим тавсия, ёз кунларида албатта қуёшга қарши кремни суриб кўчага чиқиш керак.

Қуёшга қарши крем UVA ва UVB нурларига қарши бўлиши лозим (крем идишида бу ҳақда маълумот бўлади).

Бундай кремлар ҳимоя қилиш қобилиятига қараб SPF 15 дан SPF 50-80 гача бўлиши мумкин. Бу кўрсаткич қанчалик юқори бўлса, кремнинг ҳимоя қилиш қобилияти шунча баланд ҳисоблалани.

Мақола ёққан бўлса, дўстларингиз билан бўлишинг!

Манба: Uzbaby.uz