Биласизми?

The Independent: Ўзбекистонга саёҳат қилиш учун 8 сабаб

Марказий Осиёнинг "юраги"да жойлашган Ўзбекистон жаҳон туризм бозорида ўзини тўлалигича намоён қилмаган, дейди Клэр Вут The Independent нашрида чоп этилган мақоласида. Бироқ, унинг фикрича, "мамлакат уни билмаслик учун ҳаддан ташқари чиройли ва кўп қиррали". Шу билан бирга, у бугунга келиб Ўзбекистон сайёҳлар учун очиқ экани, Лодондан ҳафтасига уч марта рейслар амалга оширилаётгани ҳамда виза режимининг соддалаштирилганини алоҳида қайд этади. Шу ўринда муаллиф нима учун сайёҳлар Ўзбекистонга келиши кераклигига оид саккиз сабабни келтиради.

Самарқанд обидалари Тож Маҳал қурилишига илҳомлантирган

XV асрда бунёд этилган Амир Темур мақбараси ўзининг ноёб меъморчилиги билан мақтана олади, бу эса кейинчалик асрлар давомида Ҳиндистон меъморларини шундай бинолар қуришга илҳомлантирган, дейилади манбада. Мақолада иншоот деворлари тилларанг ва мовий рангларда товланиб, айлана нақшларни ҳосил қилишига эътибор қаратилган.

Нақшинкор плиткалар Европанинг энг зўр иншоотлари билан рақобатлаша олади

Муаллиф бундай ажойиб, мураккаб нақшларни плиткага туширган аждодларимиз маҳоратига тан беради. "Қадимий обидалар деворларидаги нақшлар турли шаклда бўлиши мумкин: мозаик квадрат, геометрик ёки гулли нақшлар, уларнинг ранги эса кўк кобальтдан ёрқин ҳаво ранггача ўзгариши мумкин. Уларнинг энг яхшилари Шоҳи Зиндада", - дейди журналист-сайёҳ.

Бу ерда сайёҳлар у қадар кўп эмас

"Сўнгги вақтларда Ўзбекистон ташқи дунёга очилмоқда, кўплаб мамлакатлар фуқаролари учун соддалаштирилган виза режими жорий қилди, йирик шаҳарлар билан тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилди. Шундай экан, тез орада республикага дунёнинг барча бурчакларидан туристлар оқими селдек ёғилади. Шу боис шошилганингиз ва имкон қадар тезроқ Ўзбекистонга ташриф буюрганингиз маъқул, шунда унинг гўзаллигидан тўлақонли бахра олишга муваффақ бўласиз", - дея тавсия қилинади нашрда.

Тарвузлари ширин-шакар

Вут Ўзбекистонда етиштирилувчи мева ва сабзавотларни завқ билан таърифлайди. Шу боис у салоҳиятли сайёҳларга мамлакатимизга ёзда келишни тавсия қилади, зеро бу мавсумда деярли барча мевалар пишиб етилади.

Шу билан бирга, журналист ўзбек миллий таомлари ҳақида ҳам яхши фикрлар билдирган. У ўзбек дастурхони кўрки ҳисобланган палов ҳамда у билан бирга тортиладиган аччиқ-чучук салати ва мазали патирларни алоҳида эътироф этган.

Тошкент метроси Санкт-Петербург метросига рақиб бўла олади

Тошкент метроси дунёнинг энг кўркам метроларидан бири ҳисобланади. Ҳар бир метро бекатига ўз номига монанд равишда сайқал берилган, шу боис бекатлар мутлақо бир-бирига ўхшамайди, дейилади манбада.

Шу ўринда метронинг Мустақиллик майдони дизайни, унинг қандилларига алоҳида тўхталиб ўтилган. Мақолада ер ости транспортида суратга олиш тақиқланиши қайд этилган. Таъкидлаш жоизки, бугунга келиб Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ва бекор қилинаётган тақиқлар қаторида метрода суратга олишга ҳам рухсат берилмоқда.

Тошкент архитектураси

Шаҳарнинг аксарият қисми 1966 йилги кучли зилзиладан сўнг вайрон бўлган, сўнгра қайта тикланган, деб ёзади муаллиф. Мақолада шунингдек бугун бу ерда классик европача услубнинг анъанавий шарқона меъморчилик билан уйғунлашганини кўриш мумкинлиги, Ўзбекистон пойтахти катта булварлар ва паркларга бойлиги таъкидланган.

Тошкент шаҳри меҳмонлари ва маҳаллий халқнинг севимли маскани бўлган Мустақиллик майдони кўркамлигига алоҳида эътибор қаратилган.

Саҳродаги юлдузли осмон

Шаҳардан узоқлашиб, қумли кенгликлар билан бирга тоғли манзараларга ҳам гувоҳ бўласиз. Шаффоф кўллар ва пляжлар, қадимий обидалар харобалари петроглифлари, туялар ва катерларда саёҳат қилиш - буларнинг бари бир мамлакатда уйғунлашган.

Саёҳат имкониятлари

Мақолада Ўзбекистонга саёҳатнинг нисбатан арзон ва ҳамёнбоплигига урғу берилган. Муаллифнинг ҳисоб-китобларига кўра, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива бўйлаб саккиз кунлик саёҳат британиялик сайёҳларга бир киши учун 1390 фунт стерлингга тўғри келади. Бу нарх ичига халқаро рейслардан ташқари жойлашув, овқатланиш, мамлакат бўйлаб транспортда ҳаракатланиш, гидлар хизматлари ва барча обидаларга кириш ҳам қўшилган.

Манба: Kun.uz