Тақинчоқлар асл кўринишини ўн йил, ҳатто эллик–юз йиллар давомида ҳам сақлаб қололади десак, харон бўларсиз. Аммо ишонаверинг, агар тўғри парвариш қилсангиз, таққан узугу зиракларингиз қизларингизу келинларингизга ҳам мерос қолади.
Қаерда сақланиши муҳим!
Тақинчоқларнинг турига қараб, улар учун мўлжалланган «уйча»ларни кўриб чиқамиз. Демак, биринчи ўринда – сейфлар туради. Чўнтагингиз кўтарган нарҳда кичкинагина сейф харид қилсангиз, кифоя. Тилла бўладими ёки кумуш бехавотир сақлайсиз. Бир неча қаватли бўлмалардан иборат қутилар ҳам айни муддао. Қутининг ҳар бир бўлмасини турлича номлаш мумкин, масалан, зираклар бўлмаси, узуклар ва.ҳ.к.
Тақинчоқларингиз ярақлаб туришини истасангиз, уларни қопқоғи ёпиқ қутиларда сақланг. Бу қоида, айниқса, оқ олтин ва кумушдан ясалган тақинчоқлар учун муҳимдир.
Ваннахонага кирганда барча тақинчоқларни ташқарида қолдиринг, йўқса, юқори намлик уларнинг кўринишини «ўғирлаб» олади.
Қорайиб кетса...
Тақинчоқлар орасида куму, рангини ўзгартиришга мойиллиги билан ажралиб туради. Софлик даражаси энг юқори бўлса-да, бу уни қорайиш ва кўринишини сақлаб қолишдан асрамайди. Мисол учун, қўлингизга кумуш узук таққанингизда ҳам тақинчоқ тери билан таъсирга киришиб, қорайиши мумкин.
Яна бир қизиқ қараш бор, танагизда бирор дард бўлса ёки организмда олтингугурт моддаси меъёрдан ортиб кетса, кумуш қорайиб бораверади.
Ўз ҳолига қайтариш мумкин!
1. Бир литр совунли илиқ сувга бир ош қошиқ нашатир спиртидан қушиб, кумуш тақинчоқларни 2 соатга ивитиб қўйинг. Сўнг юмшоқ латтада яxшилаб артинг. Энди эса янчилган бўр ва нашатир спиртидан арашлашма тайёрланг. Аралашмани тақинчоққа суртинг-да, 5 дақиқадан сўнг, илиқ сувда ювиб олинг.
2. 2 ош қошиқ истеъмол содасини 500 мл. сув билан аралаштириб, оловга қўйинг. Қайнаб чиққанидан сўнг идишга тақинчоқлар ва бир бўлак зар қоғозидан солинг.
3. 200 мл сувга 1 чой қошиқ тузни аралаштириб, кумуш зирак, узугингизни солинг ва 2 соатга қолдиринг. Сўнг 10-15 дақиқа давомида қайнатиб оласиз.
4. 100 гр. лимон кислотасини 0,5 литр сув билан аралаштириб, оловга қўйинг. Идиш ичига тақинчоқларни солиб, 15-30 дақиқа паст оловда қайнатинг. Сўнг совуқ сувда чайиб оласиз-у, қуритсангиз бўлгани.
5. 1 дона картошкани қирғичдан ўтказиб, 2 ош қошиқ сув билан аралаштиринг. Іосил бўлган аралашмага кумуш буюмларни бўктириб қўйинг. Сўнг дағал латтада ялтирагунича артинг.
Ярқираб туриши учун...
Тилла тақинчоқларда қорайиб кетиш xусусияти йўқ, улар фақат кирланиши ва жилосини йўқотиши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун эса:
1. Озроқ сувга идиш ювиш учун мўлжалланган суюқликдан солинг-да, 3 соатга тақинчоқларни ивитиб қўйинг, сўнг юмшоқ латта билан артасиз.
2. Жуда ҳам кирланган, йиллар давомида тозаланмаган тилла буюмлар учун 2 ош қошиқ исталган идиш ювиш воситасига бир неча чой қошиқ нашатир спиртидан қуйиб, тақинчоқларни 1 соатга солиб қўйинг. Кейин яхшилаб чайиб оласизда, қуруқ латтада артиб олаверасиз.
3. Бир стакан сувга 50 мл. водород перексидини арашлаштиринг-да, 30 дақиқага тақинчоқларингизни солиб қўйинг. Сўнг совуқ сувда ювиб ташлайсиз.
4. Тилла буюмларни тозалашда энг осон ва xалқона усуллардан бири оддий ош туздир. 2 ош қошиқ тузни бир стакан сувга солиб эритинг-да, тақинчоқларни эрталабгача ивитиб қўйинг. Эрталаб илиқ сувда чайиб олгач, артиб қуритасиз.
5. Бир неча ош қошиқ истеъмол содасини 250 мл сувда эритинг. Чуқурроқ идишга зар қоғозини солиб, устидан тилла тақинчоқларни жойланг. Сўнг тақинчоқ устидан содали эритмани қўшасиз. Тонггача шу ҳолатда қолдирсангиз, тилла буюмларингиз ярқираб кетади.
6. Оқ олтиндан ишланган тақинчоқларни тозалаш учун эса 25 мл. новшадил спиртини 50 мл. сув билан аралаштириб, ярим соатга тилла буюмларни солиб қўйинг.
7. Марварид кўзли тилла тақинчоқларни юваётганда эҳтиёткорлик талаб этилади. Марваридга спирт ва сирка тегиб кетишига йўл қўйманг. Уни шунчаки совунли кўпикда ювсангиз кифоя.
8. Тилла тақинчоқларингиз узоқ йил xизмат қилиши учун уй ишларига унашдан аввал уларни ечиб қўйинг.
Ён дафтарингизга
Юзасида қопламаси бор тақинчоқларни тиш пастаси ёки бир неча томчи нашатир спирт томизилган бўрда тозаланг.
Ёғочли бижутериядан ташқари қолган барча турдагисини оддий совунли сувда ювиб қуритиш мумкин.
Бижутерия кўринишини сақлаб қолиш учун юзасига рангсиз тирноқ бўёғидан суртиб қўйиш лозим. Шунингдек, атир ва спирт тегиб кетишидан эҳтиёт бўлинг. Бижутерия буюмлари сув билан яхши чиқишмайди.
Анора ҒУЛОМОВА тайёрлади
Манба: Darakchi.uz