Тишларнинг таъсирчанлигига кўпчилигимиз дуч келганмиз. Аччиқ олмани тишлашда ёки иссиқ чойни ҳўплашда кескин оғриқ безовта қилган. Энг ачинарлиси шундаки, оғиз бўшлиғининг астойдил гигиенаси ва мунтазам равишда стоматологга қатнаш ҳам бу кўнгилсиз ҳолатга тўсиқ бўла олмайди.
Нима учун тишлар сезувчан бўлиб қолади?
Сиз оғиз чайқаш воситасидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланасиз
Бу тишларнинг эмаль қаватини юпқалаштиради. Чунки бунга ўхшаш воситалар таркибига кўп ҳолларда кислота қўшилади.
Сиз нордон таъмли ноз-неъматларни яхши кўрасиз
Лимонад ва цитрусли ичимликлар, мандарин, обаки конфетлар таркибида ҳам юқорида эслатиб ўтилган кислоталар мавжуд.
Сиз тишларингизни оқартиргансиз
Бу амалларнинг ҳам бир қатор ножўя таъсирлари мавжуд бўлгани учун уларни фақат ҳақиқий тажрибали мутахассислар амалга ошириши керак. Лекин кўпинча оппоқ тишли табассум ортидан қувиш туфайли бу қоидаларга риоя қилинмайди.
Сизда тишлам нотўғри
Бу вақт ўтиши билан тишларнинг емирилишини тезлаштиради. Эмаль янада юпқалашади.
Сизнинг маълум бир зарарли одатларингиз бор
Масалан, тирноқларни тишлаш ёки тишларни ғичирлатиш одати. Буларнинг ҳаммаси эмалларда ёриқлар ҳосил бўлишига олиб келади.
Сизда милкларингиз билан боғлиқ муаммо бор
Ёш ўтиши билан нафақат тишлар, балки милклар ҳам эскиради: улар тиш илдизларини очиқ қолдирган ҳолда тишдан ажрала бошлайди. Илдизлар устида эмаль қавати йўқлиги учун улар тишнинг юқори қисмига қараганда анча сезувчанроқ бўлади.
Тишлар сезувчанлигини қандай камайтириш мумкин?
Вақтни ўтказиб юбормасдан стоматологга мурожаат қилинг. Бу мутахассис сизга қуйидаги тавсиялардан бирини ёки бир нечтасини бериши мумкин.
Тишларга махсус лак суриш
Лак эмалдаги ёриқларни ва тиш каналларидаги ёриқларни ёпади. Бундай лаклар тиш эмалини мустаҳкамловчи фторидлар асосида ишлаб чиқарилади, амал эса фторлаш дейилади.
Зичловчилар ва тўлдирувчилар суриш
Улар тишларнинг очиқ илдизларини қоплаш учун ишлатилади.
Сезувчан тишлар учун мўлжалланган тиш пастасига ўтиш
Бундай воситалар таркибида нафақат тишлар эмалини мустаҳкамловчи, балки таъсирчанликни камайтирувчи махсус воситалар ҳам мавжуд.
Манба: Daryo.uz