Тирсак ва тиззалардаги тери кўпинча гиперкератоз — эпидермиснинг қуриб қолган қатламлари қалинлашишидан азоб чекади. Гиперкератоз қон айланишининг бузилишидан, шунингдек, баҳорги гиповитаминоздан ҳам дарак бериши мумкин. Биринчи ҳолатда муаммо одатда терининг ташқи таъсирга учраши натижасида келиб чиқади. Масалан, тирсакдаги ғадир-будурлик киши китоб ўқиётганида ёки овқатланаётганида унга суяниб ўтириши натижасида пайдо бўлади. Баҳорги гиповитаминоз эса витамин ва микроелементлар етишмаслиги оқибатида юзага келади. Бунда, аввало, комплекс витаминлар ёрдам беради. Уларни танлашда шифокор билан маслаҳатлашиш лозим.
Тизза ва тирсаклардаги ғадир-будурликдан уй шароитида халос бўлиш қийин бўлса-да, бунинг иложи бор.
Чўмилиш пайтида дағаллашган жойларни қаттиқ чўтка ёки мочалка ёрдамида, зарур бўлса, ҳатто совун урилган пемза билан ишқалаш зарур. Ювиниб бўлгач, тизза ва тирсакнинг қуруқ терисига жуда ёғли крем суриб қўйиш керак.
Бир ҳафтада бир марта ўсимлик ёғи ва канакунжут мойи (касторовое масло) аралашмасидан компресс қилиш ҳам яхши самара беради. Бунда компрессдан аввал ёғни сал иситиб олиш керак. Компрессдан сўнг тизза ва тирсак терисини пемза билан ишқалаб, терининг қотиб кетган қисмларини тушириш лозим, сўнг ёғли озиқлантирувчи крем суриб қўйинг.
Терининг дағаллигини йўқотишда совун ва содали ванналар ҳам асқотади. Ваннани тайёрлаш учун 50 грамм ош содасини бир литр қайноқ сувда эритинг. Дастлаб тизза ва тирсакка крем суринг, сўнг 10 дақиқага ваннага солиб туринг. Шундан кейин ва пемза билан ишқаланг. Кўпроқ натижага эришиш учун жараённи икки марта такрорланг.
Тизза ва тирсакнинг қўполлашиб кетган терисига ҳар куни аччиқ бодом ёғи суриш, лимон бўлаги ёрдамида массаж қилиш ҳам яхши фойда беради.
Бироқ шуни ёдда тутингки, теридаги ғадир-будурликдан тўла қутулиш учун унинг сабаби — гиповитаминозни даволаш лозим. Шунинг учун уй шароитидаги протседураларни витамин ва микроелементлар қабул қилиш билан бирга олиб бориш зарур.