Биласизми?

Тошкентда яна бир маданий хордиқ чиқариш маскани қурилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабарига кўра, шаҳар марказида жойлашган “Жасорат” монументи ва унинг атрофи бутунлай янги қиёфага эга бўлади.

“Ушбу майдон шаҳарсозликнинг замонавий талаблари асосида тубдан янгиланади. Бу ерда аҳолининг кўнгилдагидек хордиқ чиқариши учун кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилади”, — дейилган хокимият хабарида.

Хабарда айтилишига кўра, таъмирлаш ишлари муносабати билан монумент олдидан ўтган пиёдалар йўлаги вақтинча ёпилиши ва ушбу ноқулайлик учун пойтахт ҳокимлиги аҳолидан узр сўраши ҳам айтиб ўтилган.

Жасорат майдони ва унинг атрофи таъмирланганидан сўнг қандай қиёфага киришини қуйидаги баннерларда кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, “Жасорат” монументи 1970 йилнинг 20 майида очилган эди. Ёдгорлик марказида жойлашган қора мармар тошнинг бир томонида Тошкентда юз берган зилзила санаси 1966 йилнинг 26 апрели, иккинчи томонида зилзила вақти – соат 5:24 тасвирланган.

Қоқ ўртасидан дарз кетган  ушбу мармартош зилзилани, ер қобиғининг ёрилишини акс эттиради. Ёриқ эса ундан бир неча метр нарида турган ҳаёкалнинг пойига қадар давом этган. Ҳайкалда тасвирланган матонатли эркак ушбу табиий офатни гўёки ўз кўкраги билан қайтариб тургандек, аёл киши эса ёш гўдакни бағрига босган ҳолда уни асраб қолмоқда.