Биласизми?

Тошкентда яна бир янги институт очилади

Шавкат Мирзиёев 10 июль куни  мамлакатимизда атом электр энергетикасини барпо этиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига  бағишланган йиғилиш ўтказганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Атом электр станциясини қуриш ва ундан фойдаланишда энг замонавий ва мураккаб технологиялар қўлланилади. Бунинг учун эса юқори савияли ва чуқур билимга эга бўлган мутахассислар керак. Шу боис Тошкентда физика соҳасида дунёда етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Москванинг муҳандислик-физика институтининг филиалини очиш мўлжалланмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати йиғилиш баёнида келтирган.

Шунингдек, физика ва техника йўналишларидаги олий ўқув юртларини битирган салоҳиятли кадрларни танлаб олиб, уларни Москва ва Минскка ўқишга ҳамда атом электр станцияларида тажриба орттиришга юбориш бўйича кўрсатма берилди.

Йиғилишда ҳар бир босқичдаги ишларни пухта ишлаб чиқиш ва амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини қатъий назоратга олиш бўйича кўрсатмалар берилди.