Саломатлик

Туққандан сўнг бел оғриши

Белдаги оғриқ ҳам маълум бир касалликнинг белгиси бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Маълумки, аёл танасининг тузилиши ортиқча зўриқишга йўл қўймайди. Тана скелети, мушаклар ва бойламалар фақат ҳомилани олиб юришга ва уни дунёга келтиришга мослашган бўлади.

Ҳомиладорлик вақтида организмга юклама аста-секин ошиб боради, туққандан кейин эса бу мувозанат кескин бузилади, чўзилган мушаклар ва бойламалар азалий ҳолатига қайтмайди. Бу ҳолат қандайдир даражада ҳар бир аёлда сақланиб қолади ва ҳайз кўриш пайтида белда қаттиқ оғриқ пайдо бўлишига қисман сабаб бўлади.

Жинсий органларнинг нотўғри жойлашиб қолиши, масалан бачадоннинг қийшайиб қолиши, бачадоннинг тушиб ёки катталашиб кетиши, қониқарсиз жинсий ҳаёт кечириш белдаги оғриқлар манбаи бўлиши мумкин.

Бел оғришига кўпинча онанинг кам дам олиб зўриқиши сабаб бўлади. Шунинг учун қадимдан чилла сақлаш удуми бугунги кунгача етиб келган. Кореяда янги туққан она махсус дам олиш масканларида камида 2 ҳафта ўтказади. У ерда унга дам олиш учун, яхши кайфиятда бўлиб, болани эмизиш учун бундан ташқари керакли жисмоний муолажалар олиш учун шароит яратиб берилган. Кореяликлар фикрича, аёл туққандан сўнг 1 ой яхшилаб дам олса, кейин шунчалик осон ва муаммосиз болани катта қила олар экан.

Шифокорлар туққан аёлларга махсус жисмоний машқлар, гинекологик массаж, физиотерапия, мушаклар массажи, мунтазам жинсий ҳаёт ва жисмоний юкламаларни камайтиришни тавсия қиладилар.

("Ўзингизни асранг аёллар" - Е. Аҳмедова, Л. Боймирзаева)