“Оила – табиатнинг шоҳ асарларидан бири”. Бу сўзнинг замирида эса азиз, табаррук, шарафли каби маънолар мужассам. Айниқса, бу қўрғоннинг чироғи ва чароғбони ҳисобланган аёллар оқила бўлса, ўша хонадоннинг фарзандлари комил инсон бўлиб вояга етадилар.
Яқинда таниқли тиббиётчи олим, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Халқаро экология, инсон ва атроф-муҳит хавфсизлиги академияси академиги Давлат Қўлдошев хонадонларида меҳмон бўлдим. Шаҳар марказидаги торгина ҳовлига киришингиз билан дастлаб диққатингизни хонадондаги саранжом-саришталик ўзига тортади. Ушбу хонадонга бўлган ташрифим, муборак етмиш ёшни қаршилаётган Кенжахон ая – профессорнинг рафиқалари билан бўлган самимий суҳбатимиз, у кишининг оила ҳақида айтган ҳикмат тўла дил сўзлари қўлимга қалам ушлашга, оилапарвар ўзбек аёли ҳақида ёзишга ундади.
Хонадонга кириб боришим билан профессорнинг гапларидан рафиқасини ўта қадрлаши, ардоқлаши, унга бўлган меҳри яққол кўриниб турарди. Эркакларнинг ўз аёлига бўлган бундай самимий муносабатларига камдан кам гувоҳ бўлганим сабабми, миямда “нега аёлини бунчалик ардоқлар эканлар? Бу аёлда қандай хислатлар мужассамки, уни бу қадар эъзозлайди, қизиқ…” қабилида саволлар ғужғон айланар, бир тарафдан уларнинг ўрнак бўлгулик оиласига ҳавасим келарди. Сўнг Кенжахон ая билан суҳбатлашганим сари ўз-ўзидан саволларимга жавоб топила бошлади:
Турмуш қурганларига эллик йил бўлибдики, Кенжахон ая турмуш ўртоғини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб, борига ҳам, йўғига ҳам қаноат қилиб, сабр-бардош билан турмушнинг барча машаққатларини енгиб ўтган ва ҳозирда беш фарзанднинг онаси, ўн беш набиранинг бувиси бўлиб, уларнинг роҳатини кўраётган аёл. Назаримда, ҳақиқий ўзбек аёлининг тимсоли мана шундай қалби дарё оналарнинг эзгу фазилатларидан шаклланади.
Ижодкор ва илм кишиларининг рафиқаси бўлиш, очиғини айтганда, у қадар осон эмас: уларнинг сафарларда узоқ муддат бўлиши, илм қилиш жараёнининг махсус шароитлар талаб қилиши истаймизми, йўқми турмуш юкларини кўпроқ аёл зиммасига тушиб қолишига олиб келади. Бундай ҳолатлар умр бўйи давом этмаса-да, тез-тез содир бўлиб туради. Ижодкорга эркинлик керак, ижод қилиши учун шароит керак ва бу борада уни тушуна оладиган умр йўлдош керак. Кенжажон ая турмуш ўртоғини тушуна олган аёллардан:
- Турмуш ўртоғим илмий иш билан боғлиқ сафарларда кўп бўларди, – дейди онахон. – Шунда баъзан фарзандларимиз шамоллаб, иситмалаб қолган вақтлар, отасини соғиниб инжиқлик қилган кезлар бўларди. Шу вазиятда қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол билан қизиққан пайтларида ҳам, хаёллари бузилмай илмий ишларини тезроқ якунлаб олсинлар, дея кўпинча уйдаги аҳволни сездирмай, ҳаммаси жойида, кўнглингиз хотиржам бўлсин, дердим. Оиласидан доим кўнгли тинч бўлган эркакнинг ҳамиша иши юришади, агар у ижодкор ёки олим бўлса, изланишларга имконияти ошади. Бундан ҳам муҳими, эркак оила бошлиғи ҳисобланса-да, унинг ёнида суянчиғи, тушунадиган одами бўлсагина ўша оиланинг пойдевори мустаҳкам бўлади.
- Менинг фан доктори, профессор даражасига етишишим, ўз соҳам бўйича талабалар учун дарслик ва ўқув қўлланмалар яратиб, эътибор қозонишимда турмуш ўртоғимнинг хизматлари, меҳр-муҳаббати беқиёсдир, – дейди Давлат ота Қўлдошев рафиқаси ҳақида сўз борганда. – Оила бошлиғи ёки унинг бекаси ўзига кўрсатилаётган ҳурмат-иззатни қадрлашида ҳам ҳикмат кўп. ўзимга келадиган бўлсам, турмуш ўртоғимнинг меҳрибонлиги, куюнчаклиги, фидойилигига ҳамиша меҳр билан жавоб қайтаришга ҳаракат қиламан.
Кенжахон ая:
- Бир куни овқат қилмоқчи бўлдим, аммо уйда ҳеч нарса йўқ. Ҳатто овқат қилишга ҳам. У чўнтакни қарайман, бу чўнтакларни қарайман. Уйдаги мавжуд кийим-кечакларни ковлаб чиқдим. Ахийри, 10 тийин топдим. Ўшанда 10 тийинга битта буханка нон берарди. Дўконга чиқдимда битта буханка олиб келиб, дастурхонга ўраб ишга кетдим. Турмуш ўртоғим ишдан келганда, оч ўтирмасинлар дедим, нимадир қилишим керак эди-да.
Давлат ота:
- Янги оила қурганимизда, 2 та кўрпа-тўшак, 2 та пиёла, 2 та қошиқдан бошқа деярли ҳеч нарсамиз бўлмаган. Бир куни уйимизга узоқдан меҳмонлар келди. Бир кеча ётайлик, деган меҳмонларга йўқ деб бўлармиди?! Аммо 2 та ёстиқ, 2 та кўрпа-тўшагимиз бор холос. Келган меҳмонларга сир бой бермай, шуларни тўшаб бердик. Уй зах. рафиқамни устига тўнимни ташлаб, ўзим ерда тонг оттирган кунларимиз ҳам бўлган. Аллоҳга шукр, у кунларнинг синовидан ўта олдик, ҳалол меҳнатимиз билан бугун ҳамма нарсага эришдик.
“Эрни эр қиладиган ҳам хотин, қаро ер қиладиган ҳам хотин” мақоли уларнинг оиласида ўз аксини топган, десам муболаға бўлмайди: Профессор Давлат ота Қўлдошевнинг улкан ютуқларга эришишида, шу даражага чиқишида турмуш ўртоғининг қўллаб қувватлашларию, сабр-бардоши, куюнчаклиги катта рол ўйнайди. Арзирли қийинчиликларга дуч келишса-да, оила мустаҳкамлигини сақлай олган, сабр ила енга олган Давлат ота ва Кенжа аяларнинг турмушларидан ўрнак олса арзийди.
Бугунги кунда турмуш остонасидаги ёшларга ота-оналар ҳамма нарсани – уйдан тортиб, мебел, сарпо-суруққача тап-тайёр қилиб беришга ҳаракат қилишади. Барча шароитлар мужассам бўлишига қарамай, минг афсуски, арзимаган важлар оқибатида баъзи ёшлар осонгина ажралиб ҳам кетишмоқда. Буни халқимиз “тўқликка шўхлик” деб изоҳлайди. Тайёрига айёр бўлмай, “нол”дан бошлаб ўзлари меҳнат қилиб, оила тўкислигига ҳаракат қилганларида эди, “оила” сўзининг маъно-мазмунини англаган, уни қадрига етиб, босиқлик билан қарорлар қабул қилишган бўлармиди… Ҳамма нарсанинг етарли бўлиши ҳам чинакам бахтга эришишга кафолат бўла олмайди.
- Биласизми, қизим, оила мустаҳкамлигининг бош омили фақат сабр-қаноатли бўлишдадир, – дейди онахон. – Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асаридаги бир қимматли фикрга эътибор беринг-а: уруғни қара, олдин унинг ҳаммаёғи лойга, чангга беланади. Сўнг у ерга қадалгач, қаттиқ ерни ёриб, қийинчиликларга сабр-тоқат билан чидаб, юзага чиқади. У забардаст дарахт бўлади, мева тугади, қанчадан қанча одамларнинг ҳожатини чиқаради. Ҳар қандай ишнинг, ҳар қандай ютуқнинг қийинчилиги бўлади. Унга сабр-тоқат қилган одамгина роҳат-фароғатини кўради.
П.С. Очиғи, Кенжахон аянинг метин иродасига қойил қолдим. Биласизми, бутун ҳаётларини (баъзан кўзларида ёш билан) гапириб бераётганларида мен ўзимни уларнинг ўрнига қўйишга ҳаракат қилиб кўрдим. Қўйиб кўрдиму, бундай синовларга дош беришимга иккиланиб қолдим. Очиғи, қўрқиб кетдим. Бу суҳбат мен учун катта дарс бўлди. Ахир, ҳаёт бир текис эмас. Хоҳ аёл, хоҳ эркак бўлайлик, бизни ҳали олдинда не-не синовлар кутиб турибди эҳ-ҳее…