ХОТИНИМГА ФАҚАТ ПУЛИМ КеРАК
1-кадр. Дастлаб ҳаммаси яхши эди.Бизнесим ривожланаётган вақтида аёлим мени ҳар томонлама қўллаб қувватларди. Оиламизда пул билан боғлиқ муаммо деярли бўлмаган. Рафиқам уйда ўтирсада, бозорнинг энг олди кийимларини кияр, тилла буюмларни ҳам истаганича олиб берардим. Унга қийналмасин деб уй хизматчиси ҳам ёллагандим. Назаримда биз умримизнинг охиригача бахтли яшашимиз керак эди.
Лекин кутилмаганда ишларим орқага кетди.Бизнес худди ўйинга ўхшайди. Бир кун ютқазасиз, бир кун ютасиз. Оиламиз учун синовли кунлар бошланганди. Энди ҳар бир сўмимни ўйлаб ишлатишимга тўғри келди. Уй хизматчисини ишдан бўшатдим. Ҳамма харажатларни қисқартирдим.
Ҳар доим иссиқ овқат йеёлмайсиз деб менга ҳаммадан олдин овқат сузиб қўядиган хотиним дарров ўзгарди.У кечки овқат қилдингми десам кўчада овқатланиб кела қолинг дейдиган, гапирсам жеркиб ташлайдиган бўлиб қолди. Илгари бошқа аёллар иккита картошка битта сабзидан нима овқат қилишим мумкин деб ўй сурганида меники қайси ресторанда нима йейишни муҳокама қилаётган бўларди. Эссиз, энг алам қилгани у менинг ишларим яна юришиб кетишига умуман ишонмади. Мени омадсизликда, ношудликда очиқдан очиқ айблар, болаларнинг кўз олдида камситиб мазза қиларди.
Демак, у шунча йиллардан бери менинг пулим учунгина яхши хотин ролини ўйнаган эканда. Афсус, менинг кўзим кеч очилди. Энди ишларим орқага кетганидан кейингина у ортиқ мен билан яшолмаслигини айтяпти. Ҳамма нарсадан, айниқса аёллардан кўнглим қолиб кетди. Ўз жуфтини қийин ҳолатда ташлаб кетишга уялмаган бу аёлнинг асл юзини нега илгарироқ билмадим деган савол менга тинчлик бермаяпти. Вақти соати келиб ишларим яна ривожланганида аминманки у яна қайтиб келади. Лекин синган кўнгилни ямаб бўлармикан?
ИШ ОИЛАДАН АЗИЗМИ?
2-кадр.Хўжайиним фақат ишини ўйлайди. Уйга келиб ҳам хонасига кириб кетиб ишлайди. Баъзан унга қараб туриб бутун ҳаётини ишга бағишлаган деб ўйлайман. Унинг учун байрам ҳам, дам олиш куни ҳам йўқ. Доим иш, иш, иш. Болалар шовқини ёқмайди, оилавий тадбирларга вақти йўқ. Мен сизлар учун, фарзандларимнинг келажаги учун ҳаракат қиляпман, кўпроқ ишласам кўпроқ пул топаман - унинг ҳар доимги изоҳи шу.
Тўғри, оилани таъминлайди, йеб ичишдан, кийим бошдан камчилигимиз йўқ. Лекин болалар отасини баъзан икки уч кунлаб кўрмай қолади. Ҳа, сен борсанку, иккаламизнинг ўрнимизга қарайвер - у фарзандларига вақт ажратолмаётганига оддий ҳолат деб қарайди. Унинг кўп ишлашига ўрганган ўғлим бир куни отаси ишдан эртароқ келса дада бугун бизникида қоласизми деб сўраганида кулиб юбордим. Кулишга кулдиму аслида йиғлагим келди.
Назаримда эрим ишини биздан ҳам кўпроқ яхши кўради. Мен эса унинг оилага ҳам вақт ажратишини, оила даврасида кўпроқ вақт бирга бўлишини истайман.
ЭР ЭР ЎРНИДА, АЁЛ АЁЛ ЎРНИДА БЎЛСИН ЭКАН
3-кадр. Турмушга чиққунимча умримда уйга бозорлик қилмаганман. Жуда замонавий, тирноқлари бўялган, пардоз андозни ўрнига қўядиган қиз эдим.
Мен келин бўлиб тушган хонадонда эса оила ташвиши асосан аёллар зиммасида экан.Бошимга тушгач, катта катта оғир халталарда рўзғор учун бозор ҳам қилдим. Фарзандли бўлгач айниқса оилада моддий йетишмовчилик бўлаверди.Боламни боғчага бергач ишга ҳам тушдим.
Аммо барибир иқтисодий қийинчиликлар ўз ҳукмини ўтказар, мен яна пул топиш ҳақида ўйлардим. Турмуш ўртоғимга сиз ҳам ҳаракат қилинг десам, мен фақат ойлик оламан, бошқа иш қилишни билмасам нима қилай деб йелка қисиб тураверади. Таниш билишлар орқали яхши ойлик тўланадиган тунги навбатчиликдаги ишга ҳам кирдим. Кундузи ишлайман, болаларни боғчадан уйга олиб боргач, кечки овқат қилиб кейин навбатчиликка кетаман. Ҳам кундузи, ҳам кечаси ишлаганим учун ҳолдан тойсамда, рўзғорим камини тўлдираётганимдан хурсанд эдим. Иккита жойда ишлайман, уй ишлари, рўзғор юмушларининг ҳаммаси менинг бўйнимда. Хўжайиним эса биттагина жойда ишлайди, ишдан эрта қайтсада уйда телевизор кўриб ўтираверади.
Бора бора доим шошилиш, иккита ишнинг масъулиятию, югур югурдан чарчадим. Эрим эса мен топган пулларни уялмай ишлатаверади. Ҳали дўстлари билан чойхонага борган, ҳали маҳаллада танишлари билан улфатчилик қилган. Мен эса бир сўмни икки сўм қилиш учун ишлайвераман. Хўжайиним учун нақд хазинанинг ўзи бўлсамда, у тилла балиққа кўрсатиладиган илтифотни ҳам кўрсатолмади. У тайёрига айёр бўлиб қолганди.
Мен оила ташвишини ўз бўйнимга олиб хато қилганимни тушунаяпман, лекин энди кеч.Турмуш ўртоғимнинг мени қийналиб топган пулларимни бемалол совуришини кўриб ундан шунақанги нафратланиб кетаманки. Қарасам, ўзимни ўзим бемалол таъминлай олаяпман. Бунақа хотини ҳисобига яшайдиган эр билан яшагандан кўра ажрашганим маъқулмикан? Бошим қотиб қолди.
Оила, иш, пул. Деярли ҳаммамиз мана шу учлик атрофида яшаймиз.