Ошхона

Уваланадиган печенье пиширамиз

Кўпчилигимиз болаликда уваланадиган хамирни гўшт қиймалагичдан чиқариб, атиргул ясаб, печенье пиширганмиз. Бугун ана шу уваланадиган печенье рецептини унутганлар учун тақдим этамиз.

Зарур масаллиқлар:

  • 3 та тухум
  • 150 г маргарин
  • 200 г шакар
  • 1 чой қошиқ разрихлител
  • 500 г ун
  • юзига сепиш учун шакар упаси

Тайёрланиши:

Идишга хона ҳароратида юмшаган 150 г маргарин ва 200 г шакарни солиб, миксер ёрдамида аралаштирамиз.

Унга 3 та тухумни қўшиб, аралаштиришда давом этамиз.

Силлиқ масса ҳосил бўлгач, 500 г ун ва 1 чой қошиқ разрихлителни аста-секинлик билан қўшиб, қаттиққина, қўлга ёпишмайдиган хамир қорамиз.

Тайёр хамирни йирик тешикли гўшт қиймалагичдан ўтказамиз (пичоғини олиб ташлаб) ёки қўлда илончалар ясаймиз. Битта печенье учун бир хил узунликдаги учта хамирча етарли бўлади.

Илончаларни аввал эшиб, сўнг атиргул кўринишида ўраймиз. Умуман, печеньени ўзингиз истаган шаклда ясашингиз мумкин.

Печеньеларни листга териб, 180 даражагача қиздирилган духовкада 15—20 дақиқа давомида пиширамиз.

Печеньелар пишиб чиққач, юзига шакар упаси сепамиз. Гулли печенье тайёр, ёқимли иштаҳа!

Манба: Daryo.uz