Мазали классик франсуз ванилли музқаймоғининг мазаси сиз ва оилангиз аъзолари ёдида анчагача қолишига шубҳамиз йўқ. Демак, ишга киришамиз.
Зарур масаллиқлар:
- 2,5 стакан сут
- 4 дона тухум сариғи
- 1 стакан шакар
- 2 стакан қаймоқ
- 1 пачка ванилин
- кондитерлик безаклари
Тайёрланиши:
1. Сутни идишга солиб, ўрта оловда қайнатамиз. Ванилин қўшамиз.
2. Тухумнинг сариғини оқидан ажратиб, шакар билан бирга кўпиртирамиз. Аралашма оқ рангга киргунича кўпиртиришда давом этамиз.
3. Қаймоқни ҳам яхшилаб кўпиртириб оламиз.
4. Тухум ва шакарли аралашмани ванилинли сутга қўшиб, қайнатамиз. Қуюқлашгунича, доимий равишда аралаштириб турамиз.
5. Уни сузгичдан ўткизиб, кўпиртирилган қаймоқ билан аралаштирамиз.
6. Аралашмани совитгичда бир кечага қолдирамиз. Сўнг, уни блендерда яхшилаб кўпиртириб, пластик идишга соламиз ва яна 2—4 соатга музлатгичга қўямиз.
7. Қотган музқаймоқни музлатгичдан олиб, хона ҳароратида бироз эригунича кутамиз ва кондитерлик безаклари билан ясатамиз.
Музқаймоқ тайёр. Ёқимли иштаҳа!