Кир ювиш машинасида вақти-вақти билан моғор пайдо бўлади. Ундан қутилиш учун бизнинг маслаҳатларга амал қилинг.
Бунинг учун сизга қуйидагилар керак бўлади:
- суюқ тозалаш воситаси (иложи бўлса, таркибида хлор бўлсин);
- иккита кераксиз салфетка ёки губка;
- қалин резина қўлқоп;
- 25 грамм лимон кислотаси.
Энди ишга киришамиз:
- Машинани моғор босганини бирдан сезиб бўлмайди. Ювилган кийимлардан кукун ҳиди келади, бироқ машинанинг эшиги ёпиқ турганида ёқимсиз ҳид пайдо бўлади. Бундан ташқари, эшикнинг ички томонидаги резинани ағдариб кўрсангиз нохуш манзарага гувоҳ бўласиз.
- Буни салфетка ёрдамида текшириб кўрамиз. Резинани салфетка билан артиб кўрганда, моғор унда акс этади.
- Тозалашга киришиш учун дастлаб ҳар қандай сочиқча ёрдамида бор кирдан халос бўламиз.
- Сўнг суюқ тозалаш воситасини олиб, резинанинг барча томонларига қуйиб чиқамиз.
- Энди тозалаш воситасини резина қистирманинг бурмаларига бир хил қилиб суриб чиқамиз.
- Машина эшигини ёпиб, шу тарзда икки соатга қолдирамиз.
- Орадан икки соат вақт ўтгач, чайиш режимини ёқиб, тозалаш воситасини машина ичидан ювиб ташлаймиз.
- Моғорнинг кетганини тоза салфетка билан текшириб кўрамиз. Одатда бу чора-тадбирлар моғорни бартараф этиш учун етарли бўлади.
- Кир ювиш машинасини тозалашга жон-жаҳдингиз билан киришган бўлсангиз, унда барабанни ҳам профилактика нуқтаи назаридан тозалаб қўйишингиз мумкин. Бунинг учун кир ювиш кукуни солинадиган бўлинмага бир пакет (25 грамм) оддий лимон кислотасини соламиз.
- Энди машинанинг энг юқори ҳароратли режимини танлаб, ишга туширинг.
Таъкидлаш жоиз, юқоридаги усул билан моғордан тўлиқ қутулиб бўлмайди, шунчаки уни вақтинчалик «қўрқитиб қўйиш» мумкин. Ҳар сафар кир ювилиб бўлганидан сўнг резинани қуруқ қилиб артишга ва кир ювилмаётган вақтда машина эшигини очиқ қолдиришга ҳаракат қилинг. Шунда бу усулни бир йилда бир марта қўлласангиз ҳам етарли бўлади.
Манба: Daryo.uz