Саломатлик

Вой, бошим!.. Мигренни енгиш мумкинми?

Агар сизни тез-тез бош оғриғи, кўз тиниши ва умумий ҳолсизланиш безовта қилаётган бўлса, вақтни ўтказмай, шифокор ҳузурига боринг. Чунки бу мигрень аломатлари бўлиши мумкин. Хўш, мигрень қандай хасталик? Унинг олдини олиш, асоратларини бартараф этиш, умуман, даволаш учун нима қилиш керак? Шулар ҳақида батафсил сўз юритамиз.

Бош қаттиқ оғриса...

“Узоқ йиллардан буён кучли бош оғриғи тинчлик бермасди. Бу азоб билан ўн икки ёшимдан буён курашаман. Биринчи марта онам билан узоқ сафарга кетаётганимизда, поездда кучли оғриқ безовта қилганди. Онам шоша-пиша дори излаб, менга қандай ёрдам беришни билмай қолганида биз билан бирга кетаётган аёл осонгина “ташхис” қўйди:  “Бу —  мигрень, тезда оғриқ қолдирувчи дори бериб, иссиқ чой дамланг, деразаларни очинг, тоза ҳаво кирсин!”

Дилрабо Ҳайитова, Сурхондарё вилояти.

Минг бир сабаб  

Ҳа, бош оғриғи барчамизга таниш дард. Ер юзида унинг 130 дан зиёд турлари тарқалган. Мигрень улар ичида энг сирлиси бўлса, ажаб эмас. На томография таҳлилида, на энцефалограммада аниқлаб бўладиган бу дардга чалинган беморларнинг бош оғриғи сабабини билиш анчагина қийин. Устига-устак, хасталик хуружининг сабабларини санаб, адоғига етиб бўлмайди. Асабийлашиш ёки бир жойда узоқ ўтириб қолиш, тўйиб ухламаслик ёхуд кеч уйғониш, кўп овқат еб қўйиш, очиқиш... Айниқса, об-ҳаво ўзгаришлари — ёмғир, қор, булут, хуллас, табиатнинг барча инжиқликларидан аввал дарров “хабар” келади.

Ҳатто тиббиёт ҳам ожиз

Мигрень хасталигининг асл сабабини замонавий тиббиёт ҳали аниқлаганича йўқ. Кимдир ушбу касалликка шоколад, пишлоқ, чой, қаҳва, цитрус мевалари сабаб бўлади, деса, бошқа биров доимий асабийлашиш ёки генетик мойилликни важ қилиб кўрсатади. Яна бир тахминга кўра, организмдаги гормонал ўзгаришлар ҳам хуружга сабаб бўлар экан. Шунинг учун ҳайз кунлари арафасида кўпчилик аёлларни бош оғриғи безовта қилади.

Мигрень ва ҳаёт

“Менинг бош оғриғимга, асосан, касбим сабаб бўлар эди. Қаттиқ чарчаганимдан бўлса керак, оғриқ қолдирувчи дорилар ҳам таъсир қилмаяпти, деб “Тез ёрдам” чақирар, шифокор томиримга тинчлантирувчи дори юборгач, бироз ўзимга келардим. Аммо эртасига яна шу аҳвол...

Бу дарддан ниҳоятда чарчагач, саломатлигим ҳақида қайғура бошладим. Тиббий текширувлардан сўнг қон босимим пастлигидан бошқа бирор хасталик белгиси аниқланмади. Невропатолог эса касбимни ўзгартириб (мактабда ўқитувчи бўлиб ишлардим), тез-тез сайрга чиқишим, тўлақонли дам олишим кераклигини таъкидлади.  Аммо мен севимли ишимни ташлай олмасдим...”

Зарнигор ЮСУПОВА, Наманган шаҳри.

Шифокор далили

Турли мамлакатларда ўтказилган илмий тадқиқотлар натижасига кўра, ер юзидаги аҳолининг 3-16 фоизи мигрень хасталигидан азият чекиши маълум бўлди. Ушбу хасталик аёлларни эркакларга нисбатан уч баравар кўпроқ безовта қилади. Аёлларнинг, асосан, 40 ёшдан кейин, эркакларнинг эса 35 ёшда мигренга дучор бўлишлари аниқланган. Авваллари шифокорлар 40 ёшдан кейин мазкур касаллик ўз-ўзидан йўқ бўлади, деб ишонтиришган бўлса, бугун бу фикр буткул ўзгарди.

Излаган имкон топар!

Зарнигор ЮСУПОВА йўллаган мактубнинг давоми:

“... Охир-оқибат ишимни ўзгартиришга тўғри келди. Шовқин-суронли мактабимни ташлаб, музейга ишга жойлашдим. Рост, анча енгил тортдим. Доимий равишда фитнес билан шуғулланганим бир муддат касалликни унутишимга ёрдам берди. Аммо ишимни севмасдим, уни ўзгартиргим келаверарди. Хуллас, энди мени мигрень ва депрессия қийнай бошлади. Шифокор керакли дори-дармонларни тавсия қилди. Тузалишдан умидимни узиб, қолган умримни шу хасталик билан ўтказишга ўзимни ишонтириб бўлган бир пайтимда муолажалар самара бера бошлади. Шифокоримнинг айтишича, ҳозир шундай дори воситалари мавжудки, касалликни ўз вақтида аниқлаб, тезкор чоралар кўрилса, улар ёрдамида дардни бутунлай енгиш мумкин. Бунга ўзим ҳам  амин бўлдим.”

Тиббий таҳлиллардан маълум бўлишича...

Ҳисоб-китобларга қараганда, мигренга чалинган беморлар қарийб икки йил умрларини хуружларга дош бериб ўтказишар экан. Демак, умрни зое кетмазмай, касаллик аломатлари сезилиши билан невропатолог кўригидан ўтиш, хасталикка ҳарши курашиш даркор. Унутманг, шифокорнинг илк қабулига алоҳида тайёргарлик зарур. Яъни бемор қандай ҳолатларда хуруж бошланиши, унинг қанча муддатда такрорланиб туриши, умумий ҳолатдаги ўзгаришлар ҳақида тўлиқ маълумотларни эслаб, мутахассисга аниҳ ва батафсил маълумот бериши лозим.

Оғриққа қарши кураш

  • Шифокор билан биргаликда айнан нималар бош оғриғини келтириб чиқараётганлигини аниқлаш зарур.
  • Бугунги кунда оғриқни буткул бартараф эта оладиган махсус дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Уларни оғриқ кучаймасидан аввал  ичиш даркор.
  • Мигренга бефарқ бўлиш ярамайди. Акс ҳолда ўзингизни мигреноз инсультга мубтало қилишингиз мумкин.

Мигрень ҳақида 5 факт

  • Мигрень — француз тилидан “бошнинг ярмидаги оғриқ”, деб таржима қилинади. У ўзгарувчан кучли оғриқ билан кечадиган хасталик бўлиб, одатда, тўрт соатдан уч суткага қадар давом этиши мумкин. Гарчи, кучли оғриқлар билан кечса-да, организмга ўта зарарли таъсири кузатилмаган.
  • Бош оғриғидан халос бўлиш истагидагиларнинг кўпчилиги оддий оғриқ қолдирувчи воситалар, масалан, анальгиндан нажот излашади.  Аммо анальгин бундай пайтда ёрдам бера олмайди. Боз устига уни кўп ичиш зарарли.
  • Айрим тадқиқотларга кўра маълум бўлишича, мигрень мушакларнинг ҳаддан зиёд зўриқиши туфайли келиб чиқади.
  • Косметологияда ажинларнинг олдини олиш мақсадида қўлланадиган ботулотоксин (ботокс, деб ҳам юритилади) муолажаси мушакларни бўшаштириш хусусиятига эга. Шу боис у бош оғриғидан халос бўлишга ёрдам беради.
  • Мигрень хасталигидан азият чекувчилар, одатда, депрессиядан ҳам қийналишар экан. Шунинг учун беморларга таркибига серотонин моддаси қўшилган антидепрессант воситалар ҳам тавсия қилинади.

Манба: Darakchi.uz