Биласизми?

Хотин-қизлар қўмитаси раҳбари: Зўравонлик муаммоси ҳақида очиқ гапириш вақти келди

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси зўравонлик қурбонига айланган аёллар ва қизларга ёрдам бериш учун ишонч телефонини ишга туширди. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари, қўмита раиси Танзила Норбоева Facebook’даги саҳифасида хабар берди, деб ёзади«Газета.uz».

«Зўравонлик иллати ҳақида узоқ вақт мамлакатимизда ҳеч нима дейилмади ва бугун бу тўғрисида очиқ гапирилмоқда. Одатда бизда аёллар бундай ҳолатга дуч келган тақдирда, ҳатто яқинларига ҳам айтишмайди, қўрқишади ёки истиҳола қилишади. Аммо буни ўзгартириш вақти келди», — деди Бош вазир ўринбосари.

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси 1146 — ягона  телефон рақамларини ишга туширди. «Ишонч телефон»лари зўравонлик қурбонига айланган аёллар ва қизларга оғир вазиятдан чиқишга ёрдам бериб, руҳий, ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак беради. Ва энг асосийси, бунда аёлнинг хоҳишига кўра, унинг шахси ва мурожаати сир сақланади.

Зарур ҳолларда, жабрдийда аёллар республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган Ижтимоий мослашув марказларига (шелтерларга) жойлаштирилади.

«Агар сиз атрофингиздаги ана шундай аёллар тақдиридан хабардор бўлсангиз, бефарқ бўлмаслигингизни сўраймиз, бизга мурожаат қилинг ва биз биргаликда муаммонинг ечимини топамиз!» — дея таъкидлади Танзила Норбоева.

Унинг эслатишича, ушбу муаммо билан курашишнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида «Маиший зўравонликнинг олдини олиш ҳақидаги» Қонун лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёда ҳар учинчи аёл (35%) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келар экан.