Биласизми?

Янги келинларга 10 маслаҳат

Янги келиннинг қўрқувлари кўп: «Хато қилиб қўймасмиканман? Эплаб кета олармиканман?Мени тушунишармикан?» ва ҳоказо. Лекин кўп нарса келинларимизнинг ўзига боғлиқ. Қуйидаги маслаҳатлар ана шу ўзингизга боғлиқ жиҳатларни кўрсатиш мақсадида келтирилмоқда.

Тилингизни ширин қилинг

Бу ҳар қандай келиннинг олтин қоидаси. Чунки тилимизнинг бир томири суҳбатдошимизнинг юрагига боғлиқ бўлади. Тил орқали бизнинг дилимиз, кафиятимиз, яширин ҳисларимиз юзага чиқади. Яхши гап эса ҳеч кимга зиён келтирмаган. Ширинтил келин нима дегани? Тили ширин келин бу фақат яхши сўзларни гапирадиган келин эмас. Балки шу яхши сўзларни очиқ чеҳра билан гапирадиган келин. Янги рўзғор, ҳали атрофдагилар билан яқин эмассиз, уларнинг феълини, одатларини билмайсиз. Лекин чеҳрангиз очиқ ва тилингиз ширин бўлса, оиладагилар сиздан яхшилик кута бошлайдилар. Табассум инсонларни бир-бирига илитадиган восита. «Хўп бўлади» ва «Кечиринг» сиз учун одатий сўзларга айлансиз. Албатта, ҳар икки гапнинг бирида шу сўзларни қайтараверинг демаймиз. Ҳар сўзнинг ўз ўрни бор. Лекин ўрнини топиб айтилган сўз кўп муаммоларни ҳал қилади. Ширин сўз келинлар учун сеҳрли таёқчадир. Бирон ишингиз эрингиз ёки қайнонангиз кўнглига ўтирмаса, табассум билан мулойим гапириб уларнинг кўнглини эритишингиз мумкин.

Чегарангизни билинг ва унга яқинлашманг

Чегара – бу сиз етиб боришингиз мумкин бўлган чизиқ, ҳад, ундан нарисига ўтиш мумкин эмас. Лекин янги келинлар ана шу чегаранинг ўзида ёки унга жуда яқин юришлари ҳам маъқул эмас. Масалан, сизга шим кийишга рухсат беришди, аммо «шортик» кийишга рухсат йўқ. Лекин сиз «шортик» киймасам бўлди экан-да деб, ўқишга ёки ишга тор жинси шимда кетишингиз тўғри бўлмайди. Аввало, классик услубдаги шимли костюмлар кийиш ёки торроқ шимларни узун туникалар билан уйғунлаштириш тавсия этилади. Бу бир мисол, ҳар бир оилада бундай чегаралар ўзига хос бўлади. Айрим оналаримиз, янгаларимиз «Аввал бошданоқ ўз ҳудудингни белгилаб ол, бошидан ўз эркингни бериб қўйма» деб ўргатишади. Лекин биз бундай инқилобий тактикани ёқламаймиз. Бировнинг уйига ўз қоидалари билан кириб бориб ҳеч ким барака топган эмас. Ҳудуд ҳам, ҳақ ҳам аста-аста, вазиятга қараб, маълум нарсани қурбон қилиш эвазига олинади. «Мен мошхўрдага сабзи соламан, энди шундай мошхўрда ичасизлар» деб бўлармиди? Деганингиз билан, нега сиз эмас, улар, яъни кўпчилик, одатларини ўзгартириши керак. «Аёллик» «айёрлик»ка яқин сўз, яхши маънода айёрлик қилиш, яъни эгилувчанроқ бўлиш керак. Сиз одатланган нарсаларга бу уйда рухсат йўқми, демак ё у одатингиздан вақтинча (балки бутунлай) воз кечасиз, ё сизни шу одатингиз билан ҳам қабул қилишадиган даражага кўтариласиз, яъни шу қадар қадрли ва севимли бўлишни эплайсиз.

Меъёрни унутманг

Ҳа, ҳар нарсада – эркаликда ҳам, табассумда ҳам, ҳатто севгини намоён этишда ҳам меъёр керак. Ҳаддан ортиқ камгап бўлсангиз, оиладагилар билан муносабат ришталарингиз боғланиши узоқ кечади, ҳаддан ташқари сергаплик билан ҳаммани ўзингиздан тўйдирасиз. Ўқишдан (ишдан) вақтида қайтинг, эрта қайтсангиз, нега эрта келганингиз, кеч қолсангиз, нима сабабдан ушланиб қолаётганингизни маълум қилиб қўйинг. Лекин «Оилам биринчи ўринда» деб ўқишни ташлаб юбориш ёки «Ишим муҳимроқ» деб ишхонада қош қорайгунча қолиб кетиш яхши эмас. Иш ҳам, оила ҳам ўз ўрнида, меъёрида бўлиши керак.

Яхши гумонда бўлинг

Қизларимиз турмушга чиққунларича балки ўз уйларида, балки танишлари, дугоналари ҳаётида оилавий турмуш, эр-хотин, қайнона-келин орасидаги муносабатларни кўрганлар ва маълум хулосаларга эгалар. Лекин бу хулосаларингиз сизнинг бутун онгингизни эгаллаб, нотўғри амаллар қилишингизга сабаб бўлмасин. Ҳеч қачон келинлар юз фоиз ҳақ бўлмаганларидек, қайноналар ҳам юз фоиз ноҳақ чиқмайдилар. Кейин опангизнинг қайнонаси – бу опангизнинг қайнонаси, сизники тамоман бошқа одам. «Шу аёл мени танлаб ўғлига олиб берди (ёки ўғлининг танловига кўнди), оиласига олиб кирди, у ҳам мен каби оиласининг тинчини истайди, менга қаттиққўллик қилса-да меҳр ҳам кўрсатади» деб ўйланг. Яъни қайнонангизга, эрингизга ва бошқа оила аъзоларингизга ишонинг, уларга меҳр қарз беринг. Сиз бошланг меҳрни, оқибатни.

«Биринчи хато» имкониятидан фойдаланинг

Ҳа, ҳар қандай ҳолатда ҳам биринчи хато кечирилади. Келинларимиз кўпинча ухлаб қолишдан, қилган овқати ўхшамаслигидан, ювган кири қайнонасига ёқмаслигидан, хуллас, шундай маиший ҳолатлардан қўрқадилар. Бу эса акс таъсир кўрсатади, қўрққанларидан чиндан ҳам хато қилиб қўядилар. Овқат қиляпсиз, “Шўр қилиб қўйсам а, ўхшамаса-я” деган хавотирлар миянгизга келиши билан дарров шу гапни эсланг: «Бир марта шўр овқат қилсам, кечиришади, муҳими, қўрқиб, ҳаяжонланиб овқатни бузиб қўймасам бўлди». Ҳа, ҳар ишда хотиржамлик ва ўзингизга ишонч керак. Шу сабабли биринчи хатодан қўрқманг. Лекин унутманг, хато биринчи марта қилинса кечирилади, такрорланаверса, муаммога айланади. Яъни, масалан, ҳар куни пешингача ухлаш хато эмас, одатдир.

Шошманг, аммо улгуринг

Шошиш – бу ҳовлиқишдир. Ҳовлиққан одамнинг билган нарсаси ҳам эсдан чиқади, икир-чикирларга эътибор бермайди, ваҳоланки, улар муҳим икир-чикирлар бўлиши мумкин, хуллас, иши ўхшамайди. Лекин чаққон, тезкор бўлиш келинлар учун жуда муҳим. Овқати тез пишмаса, ҳовлини 2 соат супурса, 5 дақиқалик йўлни 25 дақиқада босиб ўтса, ҳеч қачон қилган иши юзага чиқмайди. Чунки натижани узоқ кутган оила аъзолари буни унутишмайди ва кечиришмайди. Демак, уддабурон бўлиш керак. Бўш қолдингизми, чучвара тугинг, дўлма ўранг, лағмон чўзинг, сомсага хамир қилинг ва музхонага тиқиб қўйинг. Тезпишар мазали таомлардан ҳам алоҳида рецепт дафтарингиз бўлсин. Майда қадам билан тез-тез юринг, кўчада танишларга салом бериб ўтиш кифоя, бир соат гаплашиб туриш шарт эмас. Ахир, қўшнилар бекорга сиз билан гап сотишмайди, уларга маълумот керак, ўзингиз, оилавий сирларингиз ҳақида. Нима қиласиз гап кўпайтириб. Ҳовлига гулу райҳонлар экиб қўйсангиз, ҳам супурадиган жойингиз камаяди, ҳам одамнинг баҳри дили очилади. Хуллас, вақтни тўғри тақсимлаш, қилинадиган ишларни режалаб олиш керак. Ана шу чаққонликдир.

Уйингизга гап ташиманг

Буни ортиқча изоҳлаб ўтириш шарт эмас. Янги келинсиз, сиз шу уйнинг ичидаги гапларни шу уйнинг ичида, маълум бир вазият ва шароитда кўряпсиз, бошдан кечиряпсиз. Уйингизга олиб борганингизда эса тафсилотни шароитдан ажратиб олиб, яъни бўрттириброқ айтасиз. «Кеча қайнонамдан ишдан кеч келганим учун гап эшитдим» деб онангизга чақсангиз, у шўрлик «Нима бўпти бир марта кеч қолса» деб ўйлайди, сиқилади. Ваҳоланки, қайнонангиз биринчи, иккинчи, ҳатто бешинчи марта кеч қолганингизда индамаган, энди танбеҳ берган бўлиши мумкин. Сиз буларни айтмайсиз-да. Кейин уйингизга қайтиб қайнонангиздан бир ширин сўз эшитасиз-у, бояги-боягидек яшаб кетаверасиз. Онангиз шўрликнинг эса ташвиши ортади. Уни аянг.

Телефонда камроқ гаплашинг

Ҳозирги кунда оилалардаги низоларнинг сабабларидан бири шу алоқа воситаси – телефон ва интернетдир. Сиз тўғри маънода фақат дўстларингиз ва дугоналарингиз билан гаплашсангиз ҳам, бу муаммо туғдиради. Чунки, биринчидан, оилангиз, янги вазифаларингиздан чалғийсиз. Қайнонангиз кўзига худди оила сирларини айтаётгандек кўринасиз. Гаплашиб ҳам ишимни бажаравераман-ку, деманг. Оилангизга фақат сизнинг қилган ишингиз эмас, ўзингиз ҳам кераксиз. Бутун борлиғингизни уларга бағишлаганингиз, дўстларингиз, дугоналарингиз эса улардан муҳимроқ эмаслигини кўрсатинг. Уйга келгач телефонингизнинг овозини ўчириб қўйинг.

Ичингизда алам йиғманг

Сизга нисбатан ноҳақлик қилсалар, нотўғри тушунсалар, хафа бўлишингиз тайин. Бунга ҳаққингиз ҳам бор. Аммо хафалик шундай нарсаки, кўнгилга чўкса, бошқа хафаликларни ўзига чорлайди, кўпаяди ва улкан аламга айланади. Сиз ё унутиб юборинг, ёки йўлини қилиб, буни мулойим оҳангда айтинг. Ким кўнглингизни ранжитган бўлса, гапларингизни ўша кишига айтинг. Ҳеч қачон қайнонангизни эрингизга, эрингизни қайнонангизга ёмонламанг. «Ойижон, кечаги иш учун узр, лекин аслида мана бундоқ қилмоқчи эдим, сиз нотўғри тушундингиз» десангиз кейинги сафар қайнонангиз ҳам сизга танбеҳ беришдан аввал сабаблар билан қизиқади. «Қайнонам сабабини суриштирмай уришаверади» дея кўнгилни чўктириб, ўйлаб, сиқилиб юргандан шу яхшироқ эмасми?

Севинг

Нафақат эрингизни, унинг яқинларига меҳр беринг. Шунда уларни тушуннишингиз, янги хонадонга кўникишингиз, оила аъзоларингизнинг айрим сизга хуш келмаган жиҳатларига кўз юмишингиз осон кечади. Яхши кўрсангиз, улар ҳам жавобан яхши кўришади. Севимли бўлиш кимга ҳам ёқмайди дейсиз?

Манба: Darakchi.uz