Ошхона

Яхна ичимликлар

Ўзбек пазандачилигида яхна ичимликлар кўп, улар айниқса, ёз фаслида жонга оро киради. Бундай ичимликларнинг баъзилари билан қуйида танишишингиз мумкин.

Айрон

97361515e98e8884b3a9a56ba30e622a

Ёғи олинган қатиқни ийлаб, ичига муз солинг. Агар қатиқ ёғлироқ бўлса, бунга қайнаб совутилган сув қўшиб ийлайсиз, нисбати 1 стакан қатиққа 0,5 стакан сув.

Таомдан сўнг дастурхонга пиёла ёки стаканларда бир чақмоқдан муз солинган ҳолда тортилади.

Ўрик суви (чули)

850cf2f7850351c23ab842b493248b41

Офтобда қуритилган туршакни совуқ сувда ювиб, сирли кастрюлкага соласиз-да, сув қуйиб, бир қайнатиб оласиз. Нисбати 1 кг ўрик қоқига 2 литр сув. Ювилган туршак устидан қайноқ сув қуйиб, 10—12 соат қопқоғи ёпилган ҳолда ҳавода совутасиз, сўнгра совитгичда сақлайсиз.

Олма ёки нок компоти

104314665_2749438_kompot_iz_yablok_i_grysh

Олманими, нокними олиб, совуқ сувда ювиб, тенг иккига бўлиб, уруғини ва қурт еган жойларини олиб ташлаб, майдароқ бўлакларга кесиб, лимон кислотаси эритилган сувга бостириб қўясиз. Нисбати 1 кг тўғралган мева учун 2 литр сув ва 0,5 чой қошиқ лимон кислотаси олинади. Кастрюлкага 2 литр сув қуйиб, 1 стакан шакар солинади, қайнаб чиққач, мевани човлида сузиб олиб, қўшиб юборинг ва яна 10—15 минут то олма (нок) юмшагунча қайнатасиз. Сўнгра ҳавода ёки сувда совитиб, совитгичга қўясиз.

Олча билан ўрик компоти

6868118450_597a85b80f

Олча билан ўрикни тенгма-тенг олинг, яъни униси ҳам, буниси ҳам бир косадан бўлсин. Совуқ сувда яхшилаб ювинг. Кастрюлкага 3 литр сув ва 1 стакан шакар солиб қайнатинг, сўнгра меваларни ташлаб, 10 дақиқача қайнатасиз. Оловдан олиб, қопқоғи ёпилган ҳолда сувда совутасиз, сўнгра совитгичга қўясиз.

Мақолани тайёрлашда Карим Маҳмудовнинг “Очил дастурхон” китобидан фойдаланилди.