Олимпиада ўйинларида иштирок этиш бўйича жаҳон спорт гимнастикачилари орасида рекорд ўрнатган ўзбекистонлик Оксана Чусовитинага Malibu автомобили совға қилинди. Бу ҳақда Чусовитинанинг ўзи Instagram’даги саҳифасида маълум қилди, деб Daryo.uz ёзмоқда.
«Президентимизга, Миллий олимпия қўмитамизга ва албатта Гимнастика федерациямизга бундай кутилмаган совға учун раҳмат!», — деб ёзган Чусовитина Malibu билан тушган суратларини эълон қилган.
«Жуда ёқимли ҳам кутилмаган совға бўлди. Барча ўзбекистонликларни байрам билан табриклайман ва энг яхши тилакларни йўллаб қоламан», — дея қўшимча қилди Оксана Чусовитина.
Чусовитина эълон қилган суратларнинг бирида Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов спортчига автомобиль калитларини топшираётгани акс этган.
Аввалроқ Рио Олимпиадасида совриндор бўлган ўзбекистонлик спортчиларга пул мукофотларидан ташқари Malibu автомобиллари ҳам совға қилинган эди. Оксана Чусовитина Рио Олимпиадасида медалларни қўлга кирита олмаган бўлса-да, Олимпия ўйинларида еттинчи бор иштирок этиб, тарихий рекордни ўрнатди.