Йод танқислиги мавжуд минтақалар, жумладан Ўзбекистонда қалқонсимон без соҳасидаги муаммолар кўп учрайди - гипотериоз, тугунлар ҳосил бўлиши, бўқоқ ва ҳ.к. Буларга қарши қандай курашиш керак? KUN.UZ мухбири NovatioGroup компанияси томонидан Ўзбекистонга таклиф қилинган россиялик шифокор-эндокринолог, диетолог, RightDiet онлайн тизими асосчиси Вадим Крилов билан шу мавзуда суҳбатлашиб, керакли маълумотларни тақдим этишга қарор қилди.
Соч тўкилиши, терининг қуруқланиши, қабзият (ич қотиши), тез толиқиш, уйқучанлик, тушкунлик, хотиранинг пасайиши ва бошқалар гипотериозга хос белгилар ҳисобланади. Қалқонсимон без касалликлари унинг катталашиши (бўқоқ), фаолиятининг кучайиб кетиши (гипертериоз), пасайиши (гипотериоз), яллиғланиши (тиреоидит) ва унда хавфли ва хавфсиз ўсимта пайдо бўлиши билан намоён бўлади.
Аксарият ривожланган мамлакатларда оммавий йод профилактикаси қўлланади. Қаердадир - нон, бошқа бир жойда эса - сут, яъни оммавий истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланилади. Афсуски, сўнгги 10-20 йилликларда бундай оммавий йод профилактикаси ўтказилмаяпти. Шу боис барча таомларни тайёрлашда йодланган туздан фойдаланиши керак.
Таркибида йод бўлган препаратларни қачон қабул қилиш керак?
Йод танқислиги натижасида гипотериоз юзага келган бўлса, 6-9 ой давомида ҳар куни 200 микрограммдан йодли препаратларни қабул қилиш керак. Бунинг ҳеч қандай салбий таъсири йўқ, аксинча уни қабул қилмасак салбий таъсирни юзага келтириши мумкин. Ҳар ярим йилда аҳвол яхши томонга ўзгаряптими ёки йўқ, кузатиш керак.
Кимлар йод препаратларини қабул қилиши керак?
- Ёз, куз, қиш, баҳор - қайси фасл бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистоннинг бутун аҳолиси йодланган туз қўшилган таомларни истеъмол қилиши керак.
- Фарзанд кутаётган аёллар ҳомиладорликнинг илк кунлариданоқ 200 микрограммдан йод препаратини қабул қилишлари зарур.
- Қалқонсимон безда факал ўзгаришлар (1 см'дан кичик тугунлар) бўлган кишилар;
- Болалар, албатта, қалқонсимон без соҳаси ультраташхис текшируви (УТТ) асосида.
Ярим йилдан кейин қайта УТТ ўтказилиб, қалқонсимон без гормонлари текширилади. ЖССТ тавсиясига кўра, барча йодланган туз қўшилган таомларни истеъмол қилиши керак.
Йодланган тузни таомга қачон қўшган маъқул?
Шифокор-эндокринологнинг фикрича, таом тайёрлашда йодланган тузни энг охирида, яъни унинг тайёр бўлишига 10-15 дақиқа қолганда қўшиш мақсадга мувофиқдир. Таъкидлаш жоизки, йодланган тузнинг қопқоғи очилганда у ўз хусусиятларини йўқотмайди.
Йодга бой бошқа маҳсулотлар ҳам бор, бироқ биз уларни ҳар куни истеъмол қилмаймиз (масалан, кунига 1 кг'дан хурмо истеъмол қила олмаймиз). Шунинг учун кундалик истеъмолдаги арзон йодланган тузни таомга қўшиш энг оптимал вариант ҳисобланади. Баъзилар йодни ичиш керак деган ғаройиб тавсиялар беришади, асло бундай қила кўрманг, бу қалқонсимон без фаолиятининг бузилишига, аутоиммун жараёнларига олиб келади. Йодни терига суриш ҳам тавсия этилмайли, чунки куйиш кузатилиши мумкин, зеро ҳар бир инсоннинг тери таъсирчанлиги ўзига хос.