Биласизми?

Ёшлар уйи кимларга ва қандай тартибда берилади?

«Telegraf.uz» ахборот-таҳлилий портали мухбири Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Юридик бўлим мудири Баҳром Илҳомжонов билан суҳбатлашиб, ёшлар уйини олиш тартиби ҳақида маълумот олди, деб ёзади Daryo.uz.

Ёшлар уйини олиш учун энди ёлғиз беваларда ҳам имконият бор

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 250-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 7-бандида Ёшлар уйини олиш бўйича ҳужжатлар рўйхати келтирилган. Ушбу рўйхатга деярли ўзгартириш киритилмади.

Фақатгина ушбу банднинг «б» қисмида ёш оиланинг никоҳ гувоҳномаси билан боғлиқ ҳолат ўзгарган холос. Лекин 2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасида ёш оила тушунчасига қайта таъриф берилди.

Ушбу ҳужжатга кўра, ёш оила — эр-хотиннинг иккиси ҳам ўттиз ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан, никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл) ҳисобланади. Шунинг учун ушбу қонун билан Вазирлар Маҳкамасининг юқорида келтирилган қарори 7-банди «б» қисмига ўзгартириш киритилди.

Демак, энди никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси, бола тарбиялаётган ёлғиз ота ёки ёлғиз онанинг илгари никоҳда бўлмагани ёхуд никоҳдан ажралган бева эркак ёки бева аёл эканини исботловчи ФҲДЁ томонидан берилган гувоҳнома қабул қилинади. Шунингдек, никоҳдан ажралганда ёки никоҳ тузилганда, олдингисидан фарқли ўлароқ, фарзанд бўлиши талаб этилмайди.

Бугунгача «Камолот» уйларига ҳужжат топширган ёш оилаларнинг аризалари ўз кучида қоладими?

Жорий йилнинг 5 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади ва Адлия вазирлиги томонидан гувоҳнома берилди.

Ёшлар иттифоқининг уставига кўра, Иттифоқ муқаддам Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати номи билан 2012 йил 1 июнь куни қайта рўйхатдан ўтказилган ва унга 653п-сонли гувоҳнома берилган. Ёшлар иттифоқи Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг барча ҳуқуқ ва мажбурияти бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади. Бундан келиб чиқадики, бугунгача уй олиш учун ҳужжат топширган ёш оилаларнинг аризалари ўз кучида қолади.

«Камолот» уйлари» олиш учун навбатда турганлар қачон уйли бўлишади?

Бугунги кунда республика бўйича «Камолот» ЁИҲга мурожаат қилиб, уй олмай, навбатда турган ёш оилалар сони 1300 дан ошади. Буларнинг кўп қисми Тошкент, Самарқанд, Қарши ва Бухоро шаҳарларига тўғри келади.

Улар учун уй бериш жараёни Тошкент шаҳрида 2017 йилнинг охирларида бошланиши мўлжалланган.

Ёшлар уйини бериш уч босқичдан иборат бўлади

Ёш оилаларга ёшлар уйини бериш уч босқичдан иборат: биринчи босқич ёшлар уйини қуриш, иккинчиси номзодларни саралаш ва учинчи босқич — танланган ёш оилалар билан банк ва пудратчи ташкилот ўртасида шартнома тузиш, яъни ҳужжатларни расмийлаштириш босқичи.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 250-сон қарорига кўра, олдин фақатгина иккинчи босқич, яъни номзодларни саралаб, тавсиянома бериш жараёни белгиланган эди ва шу билан мазкур ҳуқуқий муносабат тугар эди.

Янги қарорга эса 2018—2021 йилларда қурилиш дастури ва учинчи — тақсимот босқичи қўшилди. 2018—2021 йилларда ҳудудларда ёшлар уйи қурилади, кейин номзодлар сараланади ва охирида уч томонлама шартнома имзоланади.

Ёш оилалар учун бошланғич бадалларни Ёшлар иттифоқи тўлайди

Янги қарорнинг 4-бандига кўра, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилалар учун ипотека кредитлари бўйича қуйидаги шаклдаги тўловлар назарда тутилган қўшимча имтиёзлар берилади:

– ипотека кредитларини олган ёш оилаларнинг кредитни тўлаш муддати давомида кейинчалик уни қайтариш шарти билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан уй-жой сотиб олиш учун дастлабки бадалларни тўлаш;

– ипотека кредити бўйича биринчи беш йил ниҳоясига етгандан кейинги бутун муддат учун ҳисобланадиган фоизларнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида тўлаш.

Яъни бундан кўриниб турибдики, деярли ҳеч нима ўзгармаган, аввалги тартиб сақланиб қолган. Содда тилда тушунтирганда, мисол учун, ёш оила 100 миллион сўмга ёшлар уйидан олди. Шу сумманинг бошланғич бадалини, 25 фоизи, яъни 25 миллион сўмни Ёшлар иттифоқи тўлаб беради. Ёш оила умумий ҳисобда 100 миллион учун кредит тўлайди ва шу орада ёшлар иттифоқига ҳам 25 миллионни қайтаради. Бошқа кредитлардагидек, ёш оила бошланғич бадал билан ҳисоблаганда 125 миллион сўм тўламайди.

Ёш оила 20 йил давомида 7 фоиз билан кредит тўлайди

Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасига кўра, ҳозирда кредит фоизлари 14 фоиз бўлган. Лекин бу ёшлар уйини олган ёш оилаларнинг кредитларига тегишли эмас.

Беш йиллик имтиёзли даврда етти фоиз тўлагач, ушбу даврдан кейин ёш оила ҳисобидан банкка 14 фоизлик кредит тўлови амалга оширилади. Фақат ушбу фоизнинг етти фоизи ёш оила, етти фоизи эса Ёшлар иттифоқи томонидан тўланади. Ҳатто бу сафар ёш оила учун анча енгиллик яратилди. Хуллас, ёшлар уйини олган ёш оила 20 йил давомида етти фоизлик кредит тўловини тўлайди.

Ёш оила ўз навбатини онлайн кузатиб бориши мумкин

Бугунги кунда www.yoshlaruyi.uz деган сайт ва шу номда Telegram’да канал ҳам ишга тушди. Мазкур сайт орқали 2018 йил 1 январдан республика комиссияси томонидан ҳисобга қўйилган ёш оилаларнинг навбатини онлайн кузатиб бориш имкони бўлади. Бундан асосий мақсад шаффофлик ва очиқликни таъминлаш. 100-ўринда турган ёш оила 15-ўринга чиқиб қолмаслигининг олдини олиш. Буни ёшларнинг ўзлари онлайн кузатиб боришлари мумкин. Ушбу электрон тизим ёшлар иттифоқи томонидан 2018 йил январига қадар ишга туширилади.

Ёшларнинг ўзи қурилаётган уйларнинг сифатини назорат қилади

Ҳозир низом лойиҳаси тайёрланяпти. Унга кўра, Тошкент шаҳрида етти қаватли, ҳудудларда эса тўрт ва икки қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, хонадондаги хоналар алоҳида, ҳожатхона ва ювиниш хоналари ҳам алоҳида қилиб бунёд этилиши мўлжалланган. Квартира майдони ҳам олдингиларига нисбатан каттароқ бўлади.

Энг асосийси, Ёшлар иттифоқининг фаоллари қурилаётган ёшлар уйининг сифати устидан жамоатчилик назоратини олиб боради.

Ёшлар уйини навбатсиз оладиганлар сафи кенгайди

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги «Мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 250-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 17-бандига кўра, эр-хотиннинг ҳар иккиси етимлар — «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари бўлса, имтиёзли ипотека кредити олувчи оила аъзоларининг бири ёки бир нечтаси ушбу Низомнинг 5-бандига мувофиқ сурункали касалликларнинг ўткир шаклларидан азоб чекса, Марказий кенгаш тавсияномаси навбатдан ташқари берилар эди.

Ҳозир ушбу бандга қўшимча киритилади: ёш оила вакилларидан бири ёки иккиси ҳам Ёшлар иттифоқи (собиқ «Камолот» ЁИҲ) тизимида камида 3 йиллик иш стажига эга бўлса, марказий кенгаш тавсияномаси навбатсиз тарзда берилиши белгиланади.