Маданият

Ёшликни қандай сақлаб қолиш мумкин?

Ёшлигингизни узоқ вақт сақлаб қолиш учун  авваламбор ҳазм қилиш органлари фаолиятига эътибор қаратинг. Бунда асосан ичакларнинг тўғри ишлаши аҳамиятлидир. Айнан ичаклар танамизда йиғилган заҳарли моддалар ва бошқа кераксиз чиқиндиларни чиқариб юбориш вазифасини бажаради. Ичаклар фаолиятини яхшилаш учун  мева-сабзавотларни кўп миқдорда хомлигича истеъмол қилинг. Ун ва ундан тайёрланган маҳсулотларни ейишни камайтиринг. Яхшиси  нонуштада турли янги тайёрланган салатлар ва бўтқаларни енг. Йилда бир марта ичакларни тозаланг. Бунда мойчечакли чой ёки тузли сув  ичинг.

Кўп миқдорда суюқлик ичиш ҳам ёшликни сақлаб қолишда ёрдам беради. Сув танамизадаги коллаген тўқималарига тушгач, улар кўпаяди ва терини ичкаридан чўзилишга мажбурлайди. Натижада теримиз янаям силлиқроқ, тетикроқ, ва ёшроқ кўринади. Шунинг учун ҳам кунига бир ярим, икки литр сув ичиб туринг. Бунда газланмаган минерал сувларнинг фойдаси жудаям катта.

Тиниқиб ухлашга ҳаракат қилинг. Уйқусизлик ўзингизни ёмон ҳис қилишингизга ва юзингиздаги чарчоқли кўринишга сабаб бўлади. Яхши тиниқиб олинган дам руҳиятимиздаги тушкунлик илдизларини бартараф қилади ва умрни узайтиради. Ётоқхонангизни ўзингиз севган рангга бўяттиринг ва жиҳозланг. Ухлашдан олдин тинчлантирувчи ифорли шамларни ёқиб қўйинг. Ётишдан олдин илиқ ванна ёки душ қабул қилинг. Буларнинг бари тиниқиб орром олишингизга ва гўзаллигингизни узоқ вақт сақлаб қолишга ёрдам беради.

Тоза ҳаводан кўпроқ баҳраманд бўлиш ҳам танамизни ёшартириб, соғлиғимизни яхшилайди. Хонани тез-тез шамоллатиб туришга, иложи борича тоза ҳавода кўпроқ бўлишга ҳаракат қилинг. Жамоат транспортидан камроқ фойдаланинг. Иложи борича пиёда кўпроқ юринг. Ҳафтада бир кун табиат қўйнига, ҳеч бўлмаса дарахтзор боғга бориб оилангиз билан дам олинг

Ёшликни узоқ вақт сақлаб қолишда ҳаммом ва сауналарнинг ҳам ўрни бор.  Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳаммом ёки сауна қилинганда танадаги заҳарли моддалар чиқиб кетади. Парли жараёнда қон айланиши яхшиланади ва тери тозаланади. Бунда тузли сувга ботирилган момиқсочиқ билан баданни ишқалаш натижани янаям оширади.

Танангизни етарли витамин ва дармондорилар билан таъминланг. Бу ёшликни сақлабгина қолмай сизга мустаҳкам соғлиқни ҳам совға қилади. Ёзда мева-сабзавотлар, қишда эса қуруқ мева ва турли ўтлардан тайёрланган дамламалар орқали бу ишни амалга ошириш мумкин. Танани дармондориларга тўйинтиришда ҳафтада тўрт марта қизил ловия, шпинат, брокколи карами, сули ёрмаси, қовоқ, ёнғоқ, йогурт, апельсин, помидор, курка гўшти, ўрик қоқиси, наъматак дамламаси, узум истеъмол қилиб туриш тавсия қилинади.

Бундан ташқари доим кулиб юриш ҳам умрни узайтиради. Олимларнинг таъкидлашича чин дилдан кулганингизда умрингиз беш минутга узаяр экан.

 

                                                                                                                                       Саида Ибодинова