Биласизми?

Ёзги буюмларни уларнинг кўринишига ва сифатига зарар етказмасдан қандай олиб қўйиш мумкин?

Ҳамма енгил кийимлар ва пойабзалларни олиб қўйишнинг вақти келди. Биз сизга совуқ фаслларда ташқи кўриниши ва сифатини йўқотмаслиги учун буюмларни қандай олиб қўйиш кераклиги ҳақида айтмоқчимиз.

Буюмларни қандай тайёрлаш керак?

Аввал сиз қайси кийимларни ёз, куз ва қиш учун яроқсиз деб ҳисоблашингизни аниқлаб олинг.

Кийимларни ажратиб бўлганингиздан кейин, уларни тартибга келтиринг. Кийимларни олдин чўнтакларини текшириб кейин ювинг, дазмолланг. Агар майда тешикчалар пайдо бўлган бўлса ёки тугмалари тушган бўлса майда таъмирлаш ўтказинг.

Оёқ кийимларни ҳам худди шундай қилинг. Агар зарур бўлса тузатишга беринг. Табиий ёки сунъий чармдан қилинган туфли ва босоножкаларни совунли сувда ювинг ва кейин қуритинг. Лекин уларни иситгич ёки батареяларнинг ёнига қўйманг: улар дағаллашиши ва ёрилиб кетиши мумкин.

Қуриш жараёнини тезлаштириш учун оёқ кийим ичини газеталарга тўлдиринг, улар намликни яхши сингдиради. Матодан қилинган кедаларни қўлда ёки машинада ювиш мумкин. Нубук ва бахмалсимон чармдан қилинган оёқ кийимларни махсус чўткалар ёрдамида тозалаш керак. Охирида ҳамма оёқ кийимларга крем ёки махсус восита суринг.

Буюмларни қандай тахлаш керак?

Кийимларни тўғри сақлашни ташкил қилиш учун, ҳамма буюмларни қандай газламадан тикилганига қараб гуруҳларга ажратинг: нозик ва юпқа (ипак, ҳарир, вискоза, батист), трикотаж (микрофибра) ёки қалин (деним, бўз, пахта, жерси).

Енгил газламалардан тикилган кийимларни эҳтиётлик билан қорамтир пакетларга жойланг.

Трикотаж буюмларни тахланган ҳолда жавонларда сақлаш қулай. Уларни қуйидаги тартибда тахланг: оғир буюмларни пастига, енгилларини эса юқорисига қўйинг. Кўйлаклар, блузкалар, юбкалар ва шимларни шаклини йўқотмаслиги учун илгичларда сақланг.

Оёқ кийимларни қоғоз билан тўлдиринг, устидан жилд кийдиринг ва қутиларга жойлаштиринг. Жилдларнинг ўрнига кераксиз кенг чулкиларни ҳам ишлатиш мумкин.

Буюмларни қаерда сақлаш керак?

Шамоллатиладиган ва мунтазам равишда намли тозаланадиган шкафлар ва қутиларни танланг. Буюмларни балкон ёки омборчада сақламанг, чунки улар ҳароратнинг кескин ўзгаришлари ёки тоза ҳавонинг етишмаслиги натижасида ўз сифатини йўқотишлари мумкин.

Сақлашнинг бошқа усуллари ҳам мавжуд: пластик идишлар, вакуумли пакетлар. Шунингдек бўш чемоданларни ҳам ишга солиш мумкин. Вақти-вақти билан ёзги буюмлар қўйилган шкафни очинг ва жавонларини нам латта билан артиб туринг.

Манба: Daryo.uz